Директор менежер бўла оладими?

Ўқувчилари турли танловларда фахрли ўринларни қўлга киритган мактабнинг муваффақият сири нимада деб ўйлайсиз?
Тўғри, ўқитувчилар билимли, тажрибали, мактаб директори фидойи ўқитувчилар жамоасини йиға олган бўлса ва ота-оналар ҳам фарзанди келажагига бефарқ қарамаса, албатта бундай мактаб илмга чанқоқ, зукко ёшларни тарбиялайди. Нарпай туманида бўлиб, тумандаги энг намунали мактаблар фаолияти билан танишдик.
Тумандаги 17-умумий ўрта таълим мактаби қатор йиллардан бери илғор мактаблар сафидан жой эгаллаб келмоқда. 2018 йил илк бор ўтказилган “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида мактабнинг 10-синф ўқувчиси Моҳинисо Шомуродова ғолиб бўлиб, Президент совғаси - “Спарк” автомашинаси билан тақдирланган. Мактаб ўқувчиларидан ташкил топган “Тафаккур” жамоаси “Ёшлар ва қонун”, “Менинг ҳуқуқ ва мажбуриятларим”, “Парламент билимдони” республика кўрик-танловларида иштирок этиб, икки марта фахрли ўринларни қўлга киритган.
- Ўтган йилги мактаб битирувчиларининг барчаси олий таълим муассасаларига ўқишга кирди, - дейди мактаб директори Марҳабо Жабборова. – Сабаби, ўқувчилар дарсдан кейин мактабда қўшимча дарсларга қатнашади. Мактабда фан тўгаракларидан ташқари, пуллик курслар ҳам ташкил қилинган. Фан тўгаракларини миллий ва халқаро сертификатга эга бор ўқитувчилар ўтади. 14 нафар ўқитувчи халқаро, 10 нафари ўз фани бўйича миллий сертификатни қўлга киритган. Уларнинг 10 нафари 50 фоизлик устама пули олади. Бу йилги битирувчиларимизнинг ҳам натижаси ёмон эмас, ҳозирга қадар 6 нафар ўқувчимиз турли фанлардан миллий ва халқаро сертификатлар соҳиби бўлди. Ўқув йили тугагунига қадар бу рақам яна ошади.
- Мактабимиз 100 йиллик тарихга эга, - дейди мактаб директори. – Дастлаб 1922 йилда бойнинг икки қаватли уйи мактаб вазифасини ўтаган. Атрофда бошқа мактаб йўқлиги учун Пахтачи, Зиёвуддин, Каттақўрғондан болалар келиб, шу мактабда таълим олган. Кейинчалик давлат арбоби, Меҳнат Қаҳрамони Бектош Раҳимов мактабни қайтадан қуриб берган.
Мактаб 1050 ўринли бўлиб, бугунги кунда 1130 нафар ўқувчи таълим оляпти. Ушбу таълим даргоҳи PISA халқаро баҳолаш дастури бўйича таянч мактаб ҳисобланади. Муассасага тумандаги 26 та мактаб бириктирилган. Олий тоифали ментор ўқитувчилар халқаро баҳолаш дастури бўйича Сингапур таълим тизимини бириктирилган мактаб ўқитувчиларига ўргатади.
Беш муҳим ташаббус доирасидаги тадбирларда ҳам мактаб ўқувчиларининг ютуқлари талайгина. Масалан, 11-синф ўқувчиси Зиядулла Сайфуллаев шахмат бўйича республикада 2-ўринни эгаллаган бўлса, 9-синф ўқувчиси Умиджон Владимиров спортнинг муайтай тури бўйича Таиландда ўтказилган жаҳон чемпионатида 2-ўринни қўлга киритган.
- 31 йиллик фаолиятим шу мактаб билан боғлиқ, - дейди Марҳабо Жабборова. – Мактаб ҳаётимнинг бир бўлаги. Эрталаб ишга келиб, дарслар тугагунига қадар хонамга кирмайман. Иш жараёнлари билан танишаман. Мактаб майдони 3 гектар бўлиб, бу йил “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 2 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экдик. Болаларни табиат билан дўст бўлишга ўргатиш мақсадида мактаб ҳовлисида қушлар учун хона ташкил қилганмиз. Болалар танаффусда қушларни томоша қилади, уларни озиқлантиради. Шунингдек, болалар учун йўл ҳаракати қоидаларини ўргатадиган махсус синфхона ташкил қилганмиз. Ўқитувчилардан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ҳам мактабга келиб, ушбу синфда ўқувчиларга машғулотлар ўтади.
Мактабдан ўрнак олса арзийдиган жиҳатлар кўп экан. Директорининг ижодкорлиги, ўз касбини севиши ва фидойилиги ҳар қадамда билиниб турибди. Мактаб жамоасини аҳилликда бирлаштира олган яна бир директор фаолияти билан танишдик.
- Мактабимиз унча катта эмас, - дейди тумандаги 69-умумий ўрта таълим мактаби директори Феруза Аннаева. – Мактаб 2012 йилда қурилган бўлиб, 500 ўринга мўлжалланган. Дастлаб мактабга бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишга кирдим. 2015 йилда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, 2018 йилдан бери мактаб директори бўлиб ишлаб келяпман. Мактабни 220 нафар ўқувчи билан қабул қилиб олгандим. Ҳозирги кунга келиб 500 нафар ўқувчимиз бор. Сўнгги уч-тўрт йил ичида мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи туман миқёсидаги мактаблар ичида юқори ўринларда турибди. Ўтган ўқув йилида 69 фоиз битирувчимиз ўқишга кирди.
Бу йил 25 нафар битирувчимиз бор. Уларнинг 16 нафарида турли фанлардан миллий ва хорижий сертификатлар мавжуд. Шунингдек, 35 нафар ўқитувчимиздан 16 нафарида фанни билиш бўйича сертификат бўлиб, сертификатга эга ўқитувчиларнинг барчаси 10 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи эга. Масалан, математика фани ўқитувчиси Норқобил Ботиров 15 миллион сўм, инглиз тили ўқитувчиси Нозима Аннаева 12 миллион сўм маош олади.
Дарсдан кейин ўқувчиларга қўшимча дарслар ўтилади. Улар бошқа жойга “репетитор” излаб кетмайди. Инглиз тили, тарих, кимё, биология каби фанлардан тажрибали ўқитувчилар ўқувчиларимиз билан шуғулланади.
Бизда Мирбозор, Оқтош шаҳридан ҳам ўқувчилар келиб ўқийди. Уларга яхши шароит қилиб берганимиз учун ўз яшаш ҳудудига яқин бўлган мактабга кетмайди. Яқинда бир ўқитувчимизга шундай таклиф бўлди, аммо ўқитувчи жамоани ташлаб кетишни истамади. Биз жамоа билан байрам, дам олиш кунлари тез-тез саёҳатлар уюштириб турамиз. Ички туризм бўйича республикамизнинг гўзал шаҳарлари, диққатга сазовор жойларини биргаликда бориб кўрамиз.
Туман ҳокимининг ташаббуси билан мактаблар ҳар чоракда 10 та индикатор бўйича баҳоланади. Мактабимиз биринчи чоракда иккинчи ўринни қўлга киритиб, 20 миллион сўмлик пул мукофоти билан тақдирланди. Ушбу пулларни мактаб эҳтиёжига сарфлаб, доска, стол, стуллар олдик.
Жорий йилги рус тили ва математика фан олимпиадаларининг вилоят босқичида ўқувчимиз қатнашди. Ал-Хоразмий олимпиадасининг туман босқичида 8-синф ўқувчимиз Элёр Ўринбоев 3-ўринни олди. “Турон мактаб театри” кўрик-танловининг туман босқичида ўқувчиларимиз жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди.
Мактабимизда ҳозирча спорт зал йўқ. Насиб бўлса, 2028 йилгача спорт зал қурилиши режалаштирилган.
Туманда энг илғор бўлган ушбу мактабларнинг директорлари ўз ташаббускорлиги, жамоани жипслаштира олиши ва тартиб-интизомни талаб қилиши билан яхши натижаларга эришиб келмоқда. Яқин йилларда мана шундай ўз касбини астойдил севадиган фидойи мактаб директорлари кўпаяди. Сабаби, директорларни тайинлаш тартиби ўзгарди.
Директорлар қандай тайинланади?
Бугун мактаб директорларини депутатлар орқали тайинлаш амалиёти бекор бўлди. Янги тартибга кўра менежерлик сертификатига эга бўлганлар директорликка тайинланади. Хўш, бу жараён қандай амалга ошади, деган савол ҳаммани қизиқтиради.
- Директор бўлиш учун Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида ўқиб, менежерлик сертификати олиб келиш керак, - дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Зуҳра Даминова. – Менежерлик сертификатига ўқиш амалдаги мактаб директорлари учун бепул. Директор ушбу сертификатни олиб келса, маошига 50 фоиз устама қўшилади. Агар сертификат ололмаса, унга яна бир бор имкон берилади. Бу имкониятни ҳам бой берса, директор ишдан кетади.
Агар номзод (директор ўринбосари ёки ўқитувчи) менежерлик сертификати бўйича ўқимоқчи бўлса, бунинг учун у 10 миллион сўмга яқин тўловни амалга оширади. Сўнгра Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида бир ойлик курсда ўқийди. Агар якуний имтиҳондан ўтолмаса, номзоднинг тўлаган пули куяди.
Агар номзод сертификатни қўлга киритса, вакансиядаги мактабга ариза бериши мумкин. Бирон мактабда директорлик ўрни бўш бўлса, АРГОС орқали менежерлик сертификатига эга бўлганлар ўз номзодини қўяди. Сертификати йўқ номзодлар АРГОС орқали ариза топширолмайди. Бу жараён инсон омилисиз бажарилади. Сўнгра номзод директорлар кенгашидан суҳбатдан ўтиши керак. Директорлар кенгаши вилоят бўйича энг илғор, тажрибали директорлар томонидан тузилган бўлиб, улар томонидан танланган номзод директорлик лавозимига тайинланади.
Шу ўринда айтиш керакки, менежерлик сертификатини ҳамма ҳам ололмайди, қанча номзодлар пулига куйиб, сертификат ололмасдан қайтиб келяпти. Сертификат олиб келганларни ўзимиз вакансиядаги мактабларга номзодини қўйишга чақиряпмиз. Ҳозирда бизда саккизта мактабда директор ўрни бўш турибди.
Хуршида Эрназарова.