Баҳордаям қор-қировли ҳудудларда дарс бераётган муаллималар
Бу лавҳа қишда эмас, яқинда, ўтган шанба куни Қўшработнинг тоғлар орасида жойлашган Жонбулоқ маҳалласи Қорабоғ қишлоғида тасвирга олинган.
Ҳа, вилоят, ҳатто туман марказида қуёш чарақлаб баҳор нафаси кезиб турган бир пайтда маҳалла ҳудудига кириб боришимиз билан атрофни туман қоплаганига гувоҳ бўлдик. Айрим олис ҳудуддан келган муаллималар хотин-қизлар байрамини ана-шундай об-ҳавода, аммо кўтаринки кайфиятда қарши олмоқда.
- 2021-2022 ўқув йилида 84-мактабга келдим, - дейди андижонлик Гўёхон Тўйчиева. – Мақсадим, камида 5-6 нафар шогирдимни рус тили фани ўқитувчиси бўлиши учун олий ўқув юртига тайёрлаш. Келган пайтимда бироз чўчигандим, аммо бу қишлоқ ёшларининг хотираси, эслаб қолиш қобилияти яхши эканлигидан хурсанд бўлиб, алоҳида режа қилдим. Натижага ҳам эришяпман.
- Устоз келганларида 5-синф эдик, - дейди Гулнора Жўрақобилова. - “Что” дегани “нима” деганидан бошқа русча сўз билмас эдим. Бугунги кунда 6 нафар қиз рус тили тўгарагига қатнашяпмиз. Устозимиз каби ўқитувчи бўлиб, қишлоқ болаларига рус тилини ўргатишни ният қилганмиз. Ҳозир анча тилимиз келишиб, қолди. Рус тилидаги қисқа матнларни бемалол ўқиб, таржима қила оляпмиз.
Бу мактабда рус тили ўқитувчисидан ташқари яна уч нафар муаллима олис ҳудуддан келиб дарс беряпти.
- Мактабимиз 60 ўринга мўлжалланган, 52 нафар ўқувчи таълим олади, - дейди мактаб директори Бахтиёр Нурбеков. – Ўқимишлилар бу қишлоқда қолгиси келмайди. Пойтахтга, шаҳарга талпинади. Шунинг учун ҳам ўқитувчиларга талаб катта. Аммо, тан олиш керакки, шу пайтгача ўқувчиларимизнинг рус ва инглиз тили бўйича саводхонлиги жуда суст эди. Олис ҳудуддан келган ўқитувчиларнинг саъй-ҳаракати билан улар чет тилларни ўрганяпти. Навоийлик инглиз тили фани ўқитувчиси Зулфира Қурбонова келганига 25 кун бўлди. Шу қисқа вақт ичида аксарият ўқувчиларимизни тил ўрганишга қизиқтира олди.
Шу маҳаллада жойлашган 21-мактабда ҳам олис ҳудуддан келиб ишлаётган аёл ўқитувчилар бор.
- Бу мактабнинг филиали Мижғон қишлоғида жойлашган, - дейди Навоий вилояти Қизилтепа туманидан келган муаллима. – Оралиқ масофа икки километр. Ҳар куни пиёда қатнайман. Совуқ кунларида бироз қийналдим. Йиғлаган пайтларим ҳам бўлди. Аммо шу қишлоқ ёшларига таълим бераман, деб келдимми мақсадимдан қайтмайман. Афсусланмайман! Атрофдаги тоғлар манзараси чарчоқларни чиқаришга ёрдам беради.
Чекка қишлоқларда яшайдиган болажонларимизнинг бахтига, ана шундай жонкуяр, жасоратли ўқитувчиларимиз бор бўлсин!
Тўлқин Сиддиқов,
Эъзоза Мейлиева,
Жасурбек Шукуров.