Нарпай туман ҳокими йил якунига қадар хорижда меҳнат қилаётган 650 киши оиласи бағрига қайтарилишини маълум қилди
Туман ҳокими Шерзод Раҳмонов жорий йил якунигача мўлжалланган ишлар ҳақида жамоатчиликка ҳисобот бераркан, бу иш қандай амалга оширилиши билан бўлишди. У айрим хорижда юрган тумандошлари билан шахсан гаплашганини билдирди. Шунингдек, туман ҳудудидан хитойликлар билан ҳамкорликда олтин қазиб олинишини ҳам қайд этди.
Ш.Раҳмонов ўзига бириктирилган 1-сектор ҳудудида яшовчи 3,2 минг киши хориж мамлакатларида меҳнат қилаётганини таъкидлаб, таҳлил қилганида Мустақиллик маҳалласидан хорижга ишлаш учун чиқиб кетган 199 нафар фуқаронинг 158 нафари ёки 79 фоизи маҳалланинг Ойтамғали қишлоғидан эканлиги маълум бўлганини айтди. Айтишича, тўрт кун олдин қишлоқда четга кетганларнинг оиласи билан учрашиб, Россия Федерацияси Ростов вилоятида қоғоз цехида ишлаётган 35 нафар ватандошимиз билан видеоалоқа орқали гаплашган. Улар уйларига ўзларининг харажатларидан ортиб 4 миллион сўм атрофида маблағ юбораётган экан.
Қишлоққа 3 километр масофада хитойликлар инвестицияси билан ишга туширилаётган ёғочни қайта ишлаш цехи биринчи босқичда ойига 3 миллиондан 6 миллион сўмгача ойлик эвазига 100 нафар ишчи қабул қилаётганини, ҳоким ёрдамчиси орқали 1,2 миллиард сўм кредит ёки массивда 30 сотихдан жами 42 гектар ер берилаётганини тушунтирган. Натижада 20 га яқини куз фаслидаёқ ватанга қайтишини билдирган.
Туман ҳокими яратилаётган иш ўринлари ва имкониятлардан келиб чиқиб, хорижда юрган фуқароларимизни шу йил якунига қадар 650 нафари ўз оиласи бағрига қайтариш имкони мавжудлиги қайд этди.
Ш.Раҳмонов режалаштирилган ишлар ҳақида жамоатчиликка ҳисобот бераркан, 2023-2024 йилларда сектор ҳудудида 264 миллион долларлик 87 та лойиҳа амалга оширилишини таъкидлади. Жорий йил якунигача эса 21,2 миллион долларлик 70 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 1803 та янги иш ўринлари яратилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, йил якунига қадар яна 3,1 мингта (шундан 1,3 минг нафар ишсиз, қайтиши кутилаётган 650 нафар мигрантлар, 1,2 минг нафар меҳнат бозорига кириб келувчилар) ишсизларни бандлигини таъминлаш ва қарийб 2,5 минг фуқарони камбағалликдан чиқариш вазифаси турибди.
Шу боис, келаётган тўрт ойда 3,4 минг та иш ўринлари яратиш мақсад қилинмоқда. Жумладан, қиймати 19 миллион долларлик 36 та лойиҳа фойдаланишга топширилиши режалаштирилиб, натижада 1143 та иш ўрни яратилади.
Мисол учун, "ZHONGGUO HUAXU VOOD INDUSTRY" хорижий корхонаси томонидан қиймати 6,5 миллион долларлик фанер ҳамда мебель учун акрил ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 80 та иш ўринлари яратилади.
Туман ҳудудидан ўтувчи М-37 халқаро автомагистрал йўлида ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан 10 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш имконияти мавжуд. Бу лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 60 дан ортиқ аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш режалаштириляпти.
Ҳокимнинг айтишича, туманнинг барча имконият ва захиралари таҳлил қилиниб, белгилаб олинган инвестиция режасини қайта кўриб чиқилган ва қиймати 100,1 миллион долларлик 7 та лойиҳа шакллантирилган.
Дастлабки геология қидирув натижаларига кўра, туманда захираси 10 тонна бўлган олтин кони, 7,9 миллион метр куб ғишт ва кафель, 274 миллион тонна цемент хомашёси, 37,5 миллион тонна керамзит хомашёси захиралари мавжуд. Ушбу захиралардан оқилона фойдаланган ҳолда йирик хорижий компанияларни туманга жалб қилиш ҳисобига 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратиш мумкин.
Мисол учун, "Grand asian copper industry" масъулияти чекланган жамияти корхонаси томонидан Хитойнинг “Sichuan Road and Bridge Group” Co.LTD компанияси билан ҳамкорликда олтин қазиб олиш лойиҳасида 12 миллион доллар хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган.
Ҳисобот давомида ҳоким кўпчиликни қийнаб келган муаммоларга ҳам эътибор қаратди. Жумладан, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 18 километр йўллар асфальт, 17 километр лой кўчалар шағалаштирилгани ва йил якунига қадар 9 километр йўлларни асфальт қилиш, 18 километр ички йўлларни шағаллаштириш, 310 та янги газ баллонга эҳтиёжи мавжуд фуқароларга газ баллонлари етказиб бериш режалаштирилган.
Яна бир масала. Туманда 44 мингта электр энергияси истеъмолчиларига 2022 йилда 476 миллион кВт.соат электр энергияси етказиб берилган ва 41 миллион кВт.соат дефицит кузатилган. Жорий йилда дефицитни камайтириш мақсадида 2,2 МВт бўлган қуёш панеллари ҳамда 4,2 минг литр ҳажмли гелиоколлекторлар ўрнатилади. Бу билан йил якунига қадар қайта тикланувчи энергия манбалари орқали 4 миллион кВт.соат дефицит қопланади.