Шуҳрат Тоғаев: “Эл-юрт умиди” жамғармаси орзуларимни рўёбга чиқаришда кўмакдош бўлди
Дунёнинг нуфузли университетларидан бири ҳисобланган Колумбия университети АҚШдаги энг машҳур 7 олийгоҳни бирлаштирувчи “Ivy League” аъзосидир. Ушбу масканда кўплаб машҳур шахслар, етакчилар, олимлар, масалан АҚШ собиқ Президенти Барак Обама, Грузия собиқ Президенти Михаил Саакашвили сингари муваффақиятли ислоҳотчи, сиёсатчилар ўқиган.
Эътиборлиси, бугунги кунда мазкур университетда таълим олаётган талабалар орасида ўзбекистонлик изланувчан ёшлар ҳам бор. Самарқандлик Шуҳрат Тоғаев улардан бири.
Англаганингиздек, хорижда ўқиётган талабаларимиз билан мулоқот шаклидаги лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмони – Шуҳрат Тоғаев.
Шуҳрат болалигини шундай хотирлайди: Отамдан эрта айрилганман, менга у кишидан 600 га яқин китоб мерос қолган. Бу бойлик ҳаётим йўлини ёритувчи шамчироқ мисоли. Отам зиёли инсон, менга 4 ёшимда ҳарф танитиб, ўқишни, 5 ёшимда эса шахмат ўйнашни ўргатган биринчи устозимдир. Бадиий китобга меҳр қўйишим онам раҳматлига боғлиқ. Онам оддий тикувчи бўлса-да, адабиётга, шеъриятга ихлоси баланд илмли аёл эди. Мактабда ўқиб юрган вақтим, айниқса, қишда онам кечқурунлари танча атрофида ўтирганимизда “болам, китоб ўқиб бер” дерди. Саид Аҳмаднинг “Уфқ”, “Жимжитлик”, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари”, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асарларини 6-7-синф пайтимда онамга ўқиб берганим ҳануз ёдимда. Китоб қаҳрамонларининг қувончи, ташвишига шерик бўлиб, улар кулганда кулиб, йиғласа, хафа бўлиб мутолаа қилардим. Онам билан асарларни муҳокама қилардик...
Адабиётга ошно хонадонда улғайган Шуҳратда болалигидан ўқитувчи, адабиётшунос олим ёки журналист бўлиш истаги уйғонган. Шу хоҳиш уни ўқитувчиликка ундади.
Нарпайнинг оддий оиласида туғилган Шуҳрат Тоғаев ҳозир Колумбия университетида, “Инглиз тили педагогикаси” мутахассислиги бўйича PhD дастурида таҳсил олмоқда.
– Отам ёнимда бўлмаса-да ҳар ишда доим мени қўллаб тургандек, – дейди Шуҳрат. – Бош ҳаётий мақсадим ҳам отам-онам орзусини рўёбга чиқариш. Отамнинг кўрсатмасига амал қилиб, кам бўлмадим. Вилоятимизда очилган илк академик лицейни муваффақиятли тамомладим. Кейинги ютуғим – Самарқанд давлат чет тиллар институтига юқори балл билан учинчи ўринда грант асосида ўқишга қабул қилинганим. 2003 йил айни олийгоҳнинг магистратура босқичига ҳам давлат гранти асосида қабул қилинганман.
Ўқитувчилик – ҳаётим мазмуни. Кимгадир нимадир ўргатиш, ўқувчида озгина бўлса-да, ўзгариш кўришдан бир олам қувонч оламан. Менга ғурур бағишлаган яна бир жиҳат ўзим ўқиган институтда устоз бўлиб ишлаш бахтига муяссар бўлганим. Кейинчалик Тошкентдаги бир неча олийгоҳда ҳам инглиз тилидан дарс берганман.
Колумбия университетида таҳсил олишни ўша вақтларда тасаввур қилиш қийин эди. Шуҳрат айни шу орзу билан яшади. Мақсадини амалга ошириш учун тинимсиз изланди. Ёшлигида “Умид” жамғармаси совриндорлари ҳақида телевидение, радиода эшитиб, ҳавас қиларкан, “мен ҳам кун келиб, Американинг нуфузли университетида ўқийман, юртим ривожига муносиб ҳисса қўшаман”, дея аҳд қилган. Давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуси билан фаолияти қайта тикланган “Эл-юрт умиди” жамғармаси орзулари рўёбга чиқишида унга кўмакдош бўлди.
Биламиз, океан ортида ўқиш осон эмас, яхшигина маблағ талаб қилади. Колумбия университети нафақат АҚШ, балки дунёнинг энг нуфузли университетлари сирасига киради, жаҳоннинг кучли ўн олийгоҳидан бири ҳисобланади. Ушбу олийгоҳда бир йиллик тўлов 55-60 минг доллар.
АҚШ машҳур университетлари қимматлигининг сабаби талабалар билим ва кўникма олишидан ташқари, кучли “нетворкинг” яъни ўз келажаги учун муҳим алоқалар ўрнатиб бориши билан боғлиқ. Бундай тоифадаги университетларда Нобел мукофоти совриндорлари, Жаҳон банки, БМТ, ЮНЕСКО, Халқаро валюта жамғармаси сингари йирик халқаро тузилмаларининг доимий иштирокчиларидан бевосита маъруза тинглаш, ушбу мутахассислар лойиҳаларида ассистентлик қилиш сингари ноёб имкониятлар мавжуд.
Шуҳрат ушбу нуфузли таълим масканига кира олишига ишонарди, фақат ўқиш учун тўланадиган маблағни топишга қурби етмасди. У тўловнинг ярмидан кўпига тенг чегирма кўринишидаги грантни қўлга киритди. Барибир, қолган миқдор ҳам оддий ўқитувчи учун имконсиз даражада эди. Ана шундай вазиятда “Эл юрт умиди” жамғармаси ёрдамга келди.
Жамғарма грантини қўлга киритишда хориж университетига қабул қилинишдан ташқари бошқа жиҳатлар, масалан, номзоднинг нафақат билими ва салоҳияти, балки дунёқараши, ватанга садоқати, келажакда юрт равнақига ҳисса қўшиш йўлидаги аниқ мақсади ва режалари ҳам эътиборга олинади.
Шуҳрат суҳбат асносида яқинда давлатимиз раҳбари билан кечган самимий мулоқот ҳақида ҳам гапириб берди.
– Қўшма Штатларда Президентимиз билан учрашиш, мулоқот қилиш ҳақида сира ўйламагандим, – дейди у. – Ушбу тарихий учрашув кечагидек кўз олдимда. Орқа қаторда ўтирганимдан, аввалига, бироз ўкcиндим, чунки давлатимиз раҳбарига яқинроқ ўтиришни хоҳлагандим. Кейин эса мени ҳайратга солган, Президентимизга бўлган чуқур эҳтиромим янада ошишига сабаб бўлган воқеа содир бўлди: Давлатимиз раҳбари учрашувда иштирок этаётган юзга яқин стипендиат, АҚШда яшаётган ўзбекистонлик бизнес вакиллари, юртдошларимизнинг ҳаммаси билан бирма-бир кўришиб, улардан ҳол-аҳвол сўраб чиқди. Бу воқеадан жуда таъсирландим. Ўзбекистон етакчисининг самимийлигидан фахрланиб кетдим.
Қаҳрамонимиз келгусида икки йўналиш бўйича лойиҳа амалга оширмоқчи: Самарқанд давлат чет тиллари институти ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетлари билан ҳамкорликда талабаларда академик ёзма нутқ кўникмасини шакллантириш ва ривожлантириш, шунингдек ногирон талабаларга чет тилини ўргатишнинг ўзига хос, самарали усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.
Ҳозирча юртимизда шундай алоҳида дастур йўқ экан. Ногирон талабалар бошқалар сингари ўқийди, уларга барча қатори тенг масъулият белгиланган. АҚШда эса бу тизим “махсус таълим” дейилади. Шу боис мазкур масала ечими жуда муҳим ҳисобланади.
Суҳбатдошимизга “Умуман, жамиятда ўқитувчи, устозга муносабат қандай бўлиши керак, сизнингча?” деган саволни ҳам бердик.
– Ўқитувчига муносабат биринчи навбатда маошда акс этади, – дейди Шуҳрат. – АҚШда ўқитувчи маоши штатлар кесимида бири-биридан кескин фарқ қилади. Масалан, Нью-Йоркда ўртача йилига 92 минг, Пенсильванияда эса 74 минг доллар. Шу икки штат мактабларидаги таълим жараёнини бевосита кузатиб, фарзандларини ўқитаётган юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, ана шу фарқнинг таълим сифатига яққол таъсирини сездим. Нью-Йоркда ўқитувчилар анча масъулиятли, талабчан, Пенсильванияда ўқитиш сифати пастроқ. Умуман эса бу ерда устозга муносабат яхши. Мактаб ўқитувчиси ва университет профессори маошини қиёслаб бўлмайди. Жуда кўп олий ўқув юртлари хусусий, кўп маош ҳисобига кучли мутахассисларни жалб қилишга интилади. Соғлом рақобат сифатли таълим хизмати шаклланишига замин яратади. Шуни ҳам айтиш керак, Қўшма Штатларда ўқитувчилик ҳурматга сазовор, обрўли касб. Бу мақомга эришиш осон эмас. Мутахассис университетни битиргач, дарров ўқитувчиликка қабул қилинмайди. Муайян вақт ассистент бўлиб тажриба орттириш талаб қилинади.
Дарҳақиқат, яқинда АҚШда ҳурматга сазовор касблар рейтинги тузилди. Минг нафардан зиёд респондент орасида ўтказилган сўров натижасига кўра, шифокор ва олимдан кейин рўйхатнинг иккинчи поғонасини бир хил – 82 фоиз кўрсаткич билан ўқитувчи ва ўт ўчирувчи эгаллади. Қизиғи, юрист, спортчи ва телевиление юлдузлари ушбу рейтингнинг юқори ўнлигига киролмаган. Касблар нуфузи бўйича шу сингари рейтинг юртимизда ҳам ўтказилса, ўқитувчилик нечанчи ўринни эгаллаши мумкин? Неча фоиз мактаб битирувчиси ҳозир ўқитувчи бўлишни орзу қилади? Бу саволлар кўпчиликни қизиқтиради. Демак, юртимизда ҳам бу борада тадқиқотлар, тегишли ислоҳотлар ўтказиш ниҳоятда зарур.
– Халқимиз азалдан устоз-мураббийларни эъзозлаб, қадрлаб келган, – дейди Шуҳрат. – Ишонаманки, бу соҳа вакиллари ҳеч қачон ҳурмат-эътибордан четда бўлмайди. Давлатимизда йил сайин ушбу машаққатли касб эгалари меҳнати муносиб эътироф этилиб, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими доимий эътибордаги масалага айланмоқда. Мен ҳам ушбу шарафли касбни танлаганимдан фахрланаман. Бизга давлатимиз, халқимиз катта ишонч билдирган. Президентимиз ташаббуси ва кўмаги билан оддий ўқитувчи бўлсам-да, менга кучли олийгоҳда ўқиш, соҳага доир энг сўнгги билимларга эга бўлиш имконияти яратилди. Бу нафақат менга, балки Ўзбекистон келажаги бўлган ёшларга қилинаётган ғамхўрлик намунаси, эртанги куннинг мустаҳкам пойдевори, деб биламан. Бундай ишончни ёш авлодни билимли, зукко этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш орқали оқлайман.
Гўзал Сатторова суҳбатлашди.