Ҳоким ёрдамчиси Обиҳаётда қандай ўзгариш қила олди?
- Фаолиятимни хатлов жараёнидан бошладим. Натижада 156 нафар ишсиз фуқаро мавжудлиги аниқланди. Туман мутасаддилари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда бу муаммонинг ечимини топишга киришдик. Деҳқончиликка қизиқувчи 60 нафар фуқарога “E-auksion” платформаси орқали ер берилди. 23 нафари “Темир дафтар”га киритилиб, уларга субсидиялар ажратилди. 20 нафарга яқин ишсизлар тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳисобига тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, бандлиги таъминланди.
Бу Нарпай тумани Обиҳаёт маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Аббосжон Муродовнинг гапи.
- Улар иш бошлагач, маҳалла аҳолисини қийнаб келаётган муаммоларга ҳам ечим топиляпти, - дейди у. - Масалан, яқинда очилган маҳалла тиббиёт пункти ёнида дорихона ва спорт-соғломлаштириш мажмуаси, 75 ўринга мўлжалланган оилавий боғча, маиший хизмат кўрсатиш нуқталари қишлоқ аҳолиси узоғини яқин қилди.
Аҳамиятлиси, деҳқончилик ва тадбиркорлик билан шуғулланишни бошлаганларнинг аксарияти хотин-қизлардир.
- Фаолиятим бошлашим билан биринчилардан бўлиб Тама қишлоғида яшовчи Мадина Шотирова мурожаат қилди, - дейди А.Муродов. – Дастлаб, қўлидан нима келишини сўрадим. У ер ажратилса деҳқончилик билан ҳам шуғулланиши мумкинлигини, асосийси, мақсади ишли бўлиб, рўзғорига фойдаси тегиши кераклигини айтди. Ишониб-ишонмай унга ер ажратилишига кўмаклашдим. Бугун унинг меҳнати самарасини кўриб, кўзим қувнайди.
- Болалигимдан деҳқончиликка қизиққанман, - дейди Мадина. - Менга ажратилган 20 сотих ернинг асосий қисмига помидор экдим. Бу ердаги оғирроқ юмушларга турмуш ўртоғим ишдан бўш вақтларида ёрдам беради. Ҳосил ёмон бўлмади. Харидорлар маҳсулотларимизни шу ернинг ўзидан сотиб олишяпти. Бозорга кўтариб юрмаймиз. Кунига 500-600 минг сўмлик помидор сотяпман. Бир мавсумда помидорнинг ўзидан 20 миллион сўм даромад қилса бўларкан.
Маҳаллада яна ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тикувчилик йўналишида кооперация ҳам ташкил қилиняпти.
Тўлқин Сиддиқов,
Ҳусан Элтоев (фото).