Кредит олиш осон, уни қайтариш эса...

Кейинги пайтларда ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида маҳалла фаоллари кўмагида тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратиляпти. Ундан мақсадли фойдаланаётган ёшлар шароитини яхшилаб, муаммоларига ечим топяпти.

Нарпай тумани Хўжақўрғон маҳалласида яшовчи Муҳиддин Худойқуловни бир неча йилдан бери ишсизлик муаммоси қийнарди.

- 2013 йилда мактабни битириб, акам билан бирга тадбиркорликка қўл урганмиз, - дейди у. – Ишимизни 2 та қутида асалари боқиш билан бошлаганмиз. Кундан-кунга тажрибамиз ошиб, аста-секин уларни кўпайтирдик, қутилар сонини 50 тага етказдик. Ўша пайтда улар ерда турарди. Топган даромадимиз ҳисобидан махсус тиркама ясаттирдик. Қутилар жойлашган тиркамани техника ёрдамида тоғларга, даштларга олиб чиқиб, асалари боқиш ва мўмай даромад топиш имкони туғилганди. Аммо хурсандчилигимиз узоққа бормади. Нимадир бўлди-да, асалариларимиз қирилиб кетди.

Бундан тушкунликка тушган ёш йигитларда яна асалари боқиш ва уларни кўпайтириш учун на ҳафсала, на маблағ бор эди. Ишсиз қолди. Кунларнинг бирида Муҳиддин ака-укани қийнаётган масалага ечим топгандек бўлди. Хорижга кетишга қарор қилди.

- Ўтган йили бир танишимнинг таклифи билан таваккал қилиб, Россия давлатига ишлаш учун кетдим, - дейди М.Худойқулов. – Оиладан олисда яшаш ва шароит бўлмаган жойда меҳнат қилиш осон бўлмади. Орадан 7 ой ўтгач, маҳалламиз ёшлар етакчиси Илҳом ака Мардоновнинг телеграм орқали юборган хабари мени уйга қайтишимга сабаб бўлди. У менга қишлоққа қайтиб, асаларичилик билан шуғулланишни давом эттирсам, банкдан имтиёзли кредит олишга кўмаклашишини айтди. Яна асаларичилик билан шуғуллана бошладим. Ҳозирда тиркамада 150 та қути бўлиб, 40 тасида асалари боқиляпти. Йил охиригача уларнинг барчасини асалари билан тўлдиришни мақсад қилганман. Асал етиштириш – сердаромад иш. Кредитни ҳам муддатидан олдин қайтаришга ҳаракат қиляпман.

Маҳалла ёшларидан яна бири, 4 сотих томорқасида иссиқхона қуриш истагида бўлган Шоҳруҳ Очиловга 65 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди ва у қулупнай етиштиришни бошлади.

- Шоҳруҳ ишбилармон йигит, - дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Сардор Қўлдошев. – У Тошкент вилоятига бориб, уста деҳқонлардан қулупнай парваришлаш сирларини ўрганиб келди. Томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, маҳсулотни гидропоника усулида етиштиряпти. Бу нафақат маҳалламизда, балки туманимизда ҳам янгилик бўлди. У қулупнайнинг юқори сифатли “Салихан” навини парваришлаяпти. Бу нав жуда харидоргир экан. Март ойининг бошидан ҳосил ола бошлади. Бир кунда 20 килограмм қулупнай териб, бозорга чиқаряпти. Аввалига унинг килосини 250 минг сўмдан сотди. Айни пайтда 150-180 сўмдан пуллаяпти.

Шоҳруҳ банкдан олган кредит маблағини шу йилнинг ўзида қайтаришни мақсад қилган. Шунингдек, у маҳалладаги ишсиз тенгдошларига кўчат етиштириб бериб, уларнинг ҳам шу иш билан шуғулланишига кўмаклашмоқчи.

Афсуски, бугун тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлардан ҳамма ҳам мақсадли фойдаланмаяпти. Натижада ҳам ўзи учун, ҳам банк ходимлари учун муаммо туғиляпти. Ана шундай фуқароларга нарпайлик Муҳиддин Худойқулов ва Шоҳруҳ Очилов каби ёшларнинг ишини ўрнак қилиб кўрсатса арзийди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Ҳусан ЭЛТОЕВ (сурат).