“Бир маҳалла – бир маҳсулот”: Томорқалар бўш қолмайди

2024 йилда Самарқанд вилоятида 631 минг хонадон ихтиёридаги 69 минг гектар томорқа ерларидан 2-3 марта ҳосил олиш йўлга қўйилиб, бу орқали 2,4 миллион тонна маҳсулот етиштирилди.
Ургут тумани Нисбат маҳаласида яшовчи Бурхон Сатторов томорқасида ташкил этган 3,8 сотихли иссиқхонада 3 тонна лимон етиштириб, ўртача 50 миллион сўм даромад қилмоқда.
Тойлоқ тумани, Тепақишлоқ маҳалласида яшовчи Ғайрат Ҳасанов 6 сотих томорқасига малина экиб, 500 килограм ҳосил олади. Бу ўртача 75 миллион сўм соф даромад келтиряпти.
Вилоятдаги 1126 та маҳалладан 583 таси ёки 52 фоизи “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида бир турдаги маҳсулотларни етиштиришга ихтисослаштирилди.
Мисол учун, Булунғур туманидаги 33 маҳаллада саримсоқпиёз ва помидор, Жомбойдаги 23 маҳаллада саримсоқпиёз ва булғор қалампири, Каттақўрғон туманидаги 41 маҳаллада қулупнай ва малина, Оқдарёдаги 20 маҳаллада гулчилик, Нурободдаги 21 маҳаллада парранда, Самарқанддаги 46, Тойлоқдаги 30 маҳаллада кўкат, Пахтачидаги 35 та маҳаллада сабзавот кўчатлари, помидор, булғор қалампири етиштириш йўлга қўйилган.
Жорий йилда ихтисослашган маҳаллалар сонини 750 тага (67 фоиз) етказишни режа-мақсад қилиб олдик.
Бугунги кунда аҳоли хонадонларида 1118 гектар майдонда 89 мингта ихчам иссиқхона ташкил этилиб, бу орқали томорқалардан 3-4 марта ҳосил олиш имконияти яратилди. Жорий йилда яна 300 гектар ерда 15 мингта ихчам иссиқхоналар ташкил қилинади.
Ер мўл, сув-чи?
Томорқа ҳақида гап кетганда бугун исталган одамда шу савол туғилиши табиий. Чунки вилоятимизда ҳам оқар сув муаммоси кенгайиб бормоқда.
Шундан келиб чиқиб, 2020-2024 йилларда сув таъминоти оғир бўлган 138 та маҳаллалада 317 та катта хажмдаги артезиан қудуқлари қазиб берилди. Бунинг учун бюджетдан 43 миллиард сўм субсидия йўналтирилди. Натижада 22 мингга яқин хонадоннинг 2,3 минг гектар ер майдонида сув таъминоти яхшиланди.
Жорий йилда сув таъминоти оғир бўлган Қўшработ, Нуробод, Пайариқ, Каттақўрғон туманларининг 44 маҳалласида 61 та артезиан қудуқ қазилиб, 200 гектар аҳоли томорқалари сув билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан вилоятдаги 101 та оғир маҳаллага 303 миллиард сўм маблағ ажратилди. Натижада 104 минг хонадон томорқаси сув билан таъминланадиган бўлди.
Бундан ташқари, суғориш тизими оғир бўлган 93 та маҳаллада артезиан қудуқ қазиш, ариқларни бетонлаш ва сув тармоқларини тортиш учун 189 миллиард сўм ажратилмоқда.
Мисол учун, Нуробод туманидаги сув таъминоти жуда оғир бўлган Жом маҳалласида 6 километр сув тармоғини тортиш учун 1,2 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланган. Бу лойиҳа амалга ошса 1835 та хонадон томорқаси сув билан таъминланади.
Албатта, аҳоли томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда “Томорқа хизмати” корхоналарининг алоҳида ўрни бор. Ўтган йили 254 та “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан 113 минг аҳоли хонадонига хизматлар кўрсатилди.
Берилган имтиёзли кредитлар ҳисобига ушбу корхоналарнинг моддий-техник базаси яхшиланиб, 82 та (4,3 минг тонна) совуткичли омборхона ҳамда 111 та (1.4 минг тонна) қуритиш ускунаси ташкил этилди. Бунинг ҳисобига 350 нафар фуқаро иш билан таъминланди.
Мисол учун, Оқдарё тумани "Баракасини берсин томорқа кластери" фаолиятини кластер усулида ташкил этиш учун 7 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ушбу маблағга 20 сотихли кўчатчилик иссиқхонаси, 200 тонналик совуткичли омборхона, 400 тонна мева қуритиш цехи, 2 та катта трактор, 2 та минитрактор, 12 та мотокультиватор харид қилиб, 2 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларига хизмат кўрсатиб келмоқда.
“Сайхунобод” тажрибаси ёки картошка кўпаядими?
Бу борада ўтган йили 35 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, ушбу мақсадлар учун тижорат банкларининг 1 триллион 326 миллиард сўм имтиёзли кредитлари йўналтирилди.
Натижада микролойиҳалар доирасида 13 мингта хизмат кўрсатиш, 4 мингта ишлаб чиқариш, 6 мингта тикувчилик микролойиҳалари ишга туширилиб, 1 минг 200 та иссиқхона ва 175 гектар боғ ва токзорлар ташкил этилди. Шу билан бирга, 528 минг бош парранда, 3 минг 200 дона асалари қутиси ва 47 минг бош чорва моллари етказиб берилди.
2025 йилда ҳар бир маҳаллада (1126 та) камида 40 тадан жами 50 мингта микролойиҳалар ташкил этилади.
Картошкачилик вилоятда асосий драйвер соҳалардан бири ҳисобланиб, Республикада етиштириладиган картошканинг 25-30 фоизи вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади. Бугунги кунда Булунғур, Жомбой, Тойлоқ, Самарқанд ва Ургут туманларидаги 173 маҳалла картошкачиликка ихтисослашган.
Картошкачиликда энг асосий муаммолардан бири уруғчилик ҳисобланиб, вилоятнинг бир йиллик картошка уруғига бўлган талаб 145 минг тонна, ҳар йили ўртача 8-10 минг тонна картошка уруғи импорт қилинади.
Шу сабабли вилоятда картошка уруғчилигини йўлга қўйиш асосий мақсад қилиб олинган эди. Самарқанд Агроиновациялар ва тадқиқотлар институтида Корея ҳукуматининг 4,5 миллион доллар грант маблағи асосида “Картошка уруғчилиги маркази” ташкил этилиб “in vitro” усулида картошка уруғи етиштириш йўлга қўйилди. Ушбу марказда келгусида нафақат вилоят, балки республиканинг ҳам уруғлик картошкага бўлган эхтиёжини тўлиқ қоплаш имкони пайдо бўлди.
Жорий йил баҳорда асосий экин сифатида 39 минг гектар (шундан 21 минг гектар фермер хўжаликларида, 18 минг гектар аҳоли томорқаларида) майдонда картошка экилади. Ушбу майдонлардан 1 миллион 100 минг тонна картошка олиш кутилмоқда.
Мисол учун, лалми ер майдонларни ўзлаштириш ҳисобига Булунғур туманида “Агро-вер” МЧЖ томонидан 650 гектар, Нуробод туманида “Сариқул мега агро” МЧЖ томонидан 250 гектар майдонда картошка экилади.
Ҳосилдор навлар – катта даромад
Жорий йилда 69 минг гектар томорқадан 2-3 марта экин экилади.
"Туронбанк" ҳомийлик асосида “Мейер” навли 10 минг туп лимон кўчати етказиб берадиган бўлмоқда. Лимоннинг бу нави ҳар бир тупидан 60 килограмгача ҳосил беради. Бу серҳосил кўчатлар лимончиликка ихтисослашган маҳаллалардаги 2000 та хонадонга 5 тупдан тарқатилади.
Битта хонадонда 5 сотихли лимонхона 60 та лимон кўчати экилиб парвариш қилинса унинг ҳар бир тупидан 50-60 килограмдан 3 - 3,5 тонна ҳосил олиш мумкин. Бу эса бугунги бозор баҳосида ҳар бир килоси 15-20 минг сўмдан йилига 60-70 миллион сўм даромад олиш мумкин дегани.
Бундан ташқари, боғдорчилик агентлиги 15 минг дона анжир ва анор кўчатлари етказиб берадиган бўлди.
Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласи анжир етиштириш бўйича кўп йиллик тажрибага эга бўлиб, маҳаллада 41 гектар ер майдонида анжир етиштирилмоқда. Каттақўрғон туманида ҳам 4-5 та маҳалла анор ва анжир етиштиришга ихтисослашган.
Жорий йилда Каттақўрғон туманидаги Болтабек ва Чағатой маҳаллаларига анор, Мундиён ва Муллакўрпа маҳалаларига анжир экилади. Ҳозирда Чағатой маҳалласидаги 792 та хонадондан 282 таси, Болтабек маҳалласидаги 586 та хонадондан 480 таси анор етиштириш билан шуғулланади.
Чағатой маҳалласида яшовчи Отабек Ҳасанов томорқасида 250 туп анор экилган. Йилига 7-7,5 тонна ҳосил олади ва ўртача 100 миллион сўм даромад қилади.
Муллакўрпа маҳалласидаги 820 та хонадондан 318 таси, Мундиён маҳалласидаги 1 352 та хонадондан 215 таси, анжир етиштириш билан шуғулланади.
Муллакўрпа маҳаллаида яшовчи Хуршид Пирназаров томорқасида 32 туп анжир экилган. Йилига 3-3,5 тонна анжир ҳосили етиштириб, ўртача 50 миллион сўм даромад олмоқда.
Қайта ишлаб, қўшимча қиймат яратилади
Таҳлил қилиб кўрдик, вилоятдаги 217 та мева-сабзавотни қайта ишловчи корхонанинг аксарияти маҳсулот етишмаслиги сабабли 30-40 фоиз қувватда ишламоқда.
Шунинг учун йирик тадбиркорларга ўзининг маҳалласида Бир "Маҳалла – бир маҳсулот" тамойили асосида “ин-витро” усулида етиштирилган мевали кўчатлардан экиш бўйича таклиф бердик, улар таклифни қўллаб-қувватлади. Етиштирилган маҳсулотни қайта ишловчи корхоналарнинг ўзлари бозор нархида сотиб олади.
Бундан ташқари, жорий йилда ҳар бир туманда 5-6 гектардан, жами 90 гектар майдонда органик маҳсулот етиштириш йўлга қўйилади.
Маълумот учун, органик усулда етиштирилган 1 килограмм узум 9 доллардан, оддий усулда етиштирилган узум 1-5 долларгача экспорт қилинмоқда.
Мисол учун, Иштихон туманида “Sunny Fruit Agroplus” МЧЖ томонидан 103 гектар майдонда органик узум етиштирилмоқда. Ўзи органик сертификат олган.
Ушбу тадбиркор Зарбанд маҳалласидаги 58 та хонадондаги 7,5 гектар ер майдонида етиштирилаётган органик узумларни парваришлаб, сотиб олиб экспортга юбормоқда.
Яна атрофдаги 3 та маҳалладан 200 та хонадонда органик маҳсулотлар етиштиришни режалаштирган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, вилоятда энди бир қарич ер бўш қолмайди, деган тамойил билан ишламаймиз. Энди, ҳар қарич ердан катта даромад оламиз, деган аниқ мақсад билан меҳнат қиламиз.
Ривожиддин Махқулов,
вилоят ҳокимининг ўринбосари котибият мудири.