Методикалар ривожланмас экан, таълим ривожланмайди
Бугун педагоглар малакасини ошириш тизими тўлиқ рақамлаштирилди. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Самарқанд вилояти Педагогик маҳорат маркази директори Анвар Собиров маълум қилди.
- Методикалар ривожланмас экан, таълим ривожланмайди, - деди марказ директори А.Собиров. – Шунинг учун ҳам республикамизда халқаро тажрибалардан амалий фойдаланган ҳолда педагогларни узлуксиз касбий ривожлантириш ишлари самарали олиб борилмоқда. Масалан, Сингапур тажрибаси асосида вилоятдаги педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирлари йўлга қўйилди.
Жорий йил апрель ойида ўқув машғулотлари муваффақиятли якунланиб, мазкур жараён доирасида 12 та фан йўналиши бўйича 11 273 нафар етакчи ўқитувчи сертификатларга эга бўлди.
Янги тартибга кўра, бугун мактабгача ва мактаб таълимида фаолият олиб бораётган педагоглар учун 5 йилда бир марта иш ҳақи сақланган ҳолда 100 соатлик малака ошириш дарслари белгиланган. Масалан, 2026 йил чорагида 4139 нафар педагог малака оширишга жалб қилинган. Улардан 38 нафари 18 соатдан кўп дарс қолдиргани ёки якуний имтиҳондан ўтолмагани учун тингловчилар сафидан четлатилган.
Тартиб-қоидага кўра, биринчи марта малака оширишдан четлатилган педагоглар иккинчи марта ўз ҳисобидан ўқиши керак. Иккинчи марта ҳам якуний имтиҳондан ўтолмаса, педагог билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади.
Матбуот анжуманида таълим тизимидаги ютуқлар, муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.