Чиммосдаги “IT шаҳарча” - маҳалла ёшларининг тараққиёт драйвери
Вилоят марказидан 150 километр олисда, Қўшработнинг даштида, бир пайтлар инфратузилмаси оғир бўлган, умуман, имкониятлари чекланган Чиммос маҳалласи бугун намунали масканга айланиб бормоқда.
Уч мингдан зиёд аҳоли яшайдиган маҳаллада одамларнинг кайфияти ўзгарган ва ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ошган.

Чиммос маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Бобомурод Қаршиевнинг таъкидлашича, ҳудуд узумчилик ва чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, 20 дан ортиқ тадбиркор фаолият юритмоқда. Бу йил 90 нафар ишсиз фуқаронинг 50 нафарга яқини ишга жойлаштирилган, қолганларига эса 650 миллион сўм имтиёзли кредит берилиб, тадбиркорликни бошлашига кўмаклашилган.
— Мақтаниш эмас, ҳозир маҳалламизда ишсиз фуқаро деярли йўқ, — дейди у. — Меҳнатга лаёқатли аҳолининг асосий қисми корхона ва ташкилотларда ишлайди. Шу билан бирга, тадбиркорлик билан шуғулланади, икки юздан зиёд киши узумчилик, уч юзга яқини чорвачилик билан банд. Мавсумий ишларда юздан ортиқ фуқаро меҳнат қилса, юздан зиёд аёл тикувчилик билан шуғулланади.
Шу йил май ойида маҳаллада ёшларнинг IT ва хорижий тилларни ўрганиши учун барча шароитга эга “IT шаҳарча” ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 майдаги қарорига кўра, 2022 йилда Нуробод туманининг Оқсой маҳалласида республикада биринчи марта очилган “IT-Village” концепцияси асосида бунёд этилган ушбу маскан 35 сотих майдонни эгаллаган бўлиб, замонавий технологиялар асосида жиҳозланган.

Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят бошқармаси томонидан ушбу мажмуага пресс-тур ташкил этилди.
- Марказимизда бир вақтнинг ўзида 70 нафарга яқин ёш таълим олади, - дейди “IT шаҳарча” иш бошқарувчиси Жамшид Ботиров. - Таълим жараёни хориж технологиялари асосида ташкил этилган бўлиб, 6 нафар мутахассис 216 нафар ёшга дастурлаш, график дизайн, компьютер саводхонлиги ҳамда инглиз ва бошқа хорижий тилларни бепул ўргатмоқда. Ахборот технологиялари марказимизга ўқувчилар 12 ёшдан қабул қилинади ва синов муддатидан муваффақиятли ўтган иқтидорли ўқувчилар курсларга сараланади. Бугунга қадар 60 нафар ўқувчи компьютер саводхонлиги курсини муваффақиятли тугатди ва йил охиригача яна 50 нафардан зиёд битирувчига сертификат топширилади.
— Замонавий “IT шаҳарча” ишга тушгач, бу ерда инглиз тили курсида ўқиб, икки ойда сертификатга эга бўлдим, — дейди тумандаги 64-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Шамшодбек Солиев. — Бу менга янги имкониятлар эшигини очди. Энди Тошкентдаги жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кириб, билимимни янада мустаҳкамлайман ва келажакда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш учун интилишдан тўхтамайман.
Пресс-тур давомида “IT шаҳарча”да компьютер саводхонлиги курсини муваффақиятли тугатган илк битирувчиларга сертификатлар топширилди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.