Мураккаб жарроҳлик Самарқандда амалга ошириляпти
Юрак туғма нуқсонларининг юздан ортиқ турлари мавжуд. Уларнинг 20 фоизини мураккаб туғма юрак нуқсонлари ташкил этиб, операция тури ва ҳажмини ангиографиясиз амалга ошириш имконияти мавжуд эмас. Шу сабабли илгари бу турдаги беморлар Тошкент шаҳрига боришга мажбур бўларди. Энди уларни бошқа ҳудудга жўнатишга эҳтиёж йуқ. Сабаби, Самарқандда ҳам бу хасталикни даволаш, жарроҳликни амалга ошириш имкони пайдо бўлди.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида жорий йилнинг октябрь ойида 10 ўринли ренгенэндоваскуляр (ангиография) бўлими ташкил этилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 5 миллиард сўм маблағ эвазига ангиограф аппарати келтирилиб, марказга ўрнатилди. Ушбу марказда замонавий ускуналарда ишлаш учун Москва шаҳридаги А.Н.Бакулев номидаги “Юрак-қон томир хирургияси” илмий марказида шу соҳа бўйича клиник ординатурани ўтаган ва икки йил давомида ишлаган ангиохирурглар Жаҳонгир Шеров ва Фаррух Жумаев марказга доимий ишлаш учун таклиф қилинди. Бундан ташқари, ушбу бўлимда 4 нафар операцион ҳамшира, анестезиолог ва кичик тиббий ходимлар фаолият кўрсата бошлади. Ҳозирги кунда ушбу янги бўлимда шу кунга қадар 17 нафар бемор болаларда турли хил мураккаб турдаги ёпиқ, тўхтатилмаган юракда тиғсиз усулда операциялар ўтказилди. Барча операциялар муваффақиятли амалга оширилиб, беморлар ўзларини яхши ҳис қилишмоқда.
Элдор Муҳаммадиев,
Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.