Ўзбекистонда илк марта спинал стимулятор имплантацияси операцияси қилинди
Спинал стимулятор имплантацияси ёки орқа мияга электр “чип”ларини ўрнатиш операцияси замонавий нейрохирургиянинг охирги инновацион ютуқларидан ҳисобланади.
Бу амалиёт орқа мия ва унинг илдизларининг травматик шикастланишлари, қон айланиши етишмовчиликлари, инфекцион зарарланишлар ва бошқа турдаги шикастланишларда амалга оширилади.
Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази шу вақтгача бош мияга стимуляторлар ўрнатиш (Паркинсон ва бошқа ҳаракат бузилиши касалликларида) операцияларини тизимли йўлга қўйганди. Нейромодуляцияни ривожлантиришнинг кейинги босқичида республикамизда илк марта спинал стимуляторлар ўрнатишга асос солинди.
Бир неча йиллардан бери олинган жароҳат оқибатида мустақил юра олмаслик ва неврологик етишмовчиликлар билан қийналиб келган беморга “Орқа миянинг 8-9-10-11 кўкрак сегментларига ва чаноқ бўшлиғидаги думғаза чигалига спинал стимуляторлар ўрнатиш” операцияси муваффақиятли ўтказилди. Операциядан бир кун ўтиб стимулятор фаоллаштирилди ва бемор шикоятларига мослаштирилиб дастурланди.
Операциядан сўнг бемор мустақил юра бошлади, оғриқлар тўлиқ ўтди, чаноқ аъзолари фаолиятини ҳис қила бошлади, сезги фаолияти сезиларли яхшиланишига эришилди.
Марказда шу турдаги операцияларни серияли тарзда йўлга қўйиш режалаштирилган. Сабаби, юртимизда шу турдаги операцияларга эҳтиёжи бўлган кўплаб беморлар турли ногиронлик даражалари билан ҳисобда туради.
СамДТУ ахборот хизмати.