Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда эндокрин касаллигига учраган беморда лапораскопик усулда жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиалида илк бор лапораскопик усулда ўнг томонлама адреналектомия жарроҳлик амалиёти бажарилди.

Таъкидлаш лозимки, Итсенко-Кушинг синдроми кам учрайдиган, оғир эндокринологик касаллик бўлиб, беморларда юрак-қон томир, таянч-ҳаракат тизимларида жиддий асоратларга сабаб бўлади. Ташхислаш ва даволашда мураккабликлар сабаб беморлар кўпинча мутахассисга мурожат қилгунча асоратлар ривожланиб, беморлар ҳаёт сифати пасайишига олиб келади.

- Кейинги йилларда республикамизда эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш борасида эътиборга лойиқ ишлар амалга ошириляпти, - дейди филиал бош врачи Гулноза Негматова. - Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази нейроэндокринология ва нейрохирургия лабораториясида Кушинг синдроми бўйича республика миқёсида қатор илмий тадқиқотлар олиб бориш билан бирга замонавий тиббиёт ютуқларига асосланган самарали даволаш усулларини амалиётга жорий этиб борилмоқда.

Филиалимизда йўлга қўйилган ушбу юқори технологик амалиётни эндокрин касалликлар билан беморларнинг узоғини яқин қилиш, ногиронликни ва эрта ўлимнинг олдини олиш учун қўйилган муҳим қадамлардан бири, десак бўлади.