Мурожаатнома: Депутатнинг ваколати, масъулияти ҳам кенгаяди

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида олдимизга қўйилган вазифалар замирида мамлакатимиз қудратининг юксалиши, халқимиз фаровонлигининг оширилиши билан боғлиқ орзу-умидлар мужассам.

Йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилиниши партиямиз электорати учун ниҳоятда муҳим. Негаки, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий мақсади аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ва уларнинг кам таъминланган қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилгани билан аҳамиятли.

“Ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, умуман, кўмакка муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, албатта, устувор вазифа бўлиб қолади. Келгуси йилда тадбиркорлик, бизнес учун янада қулай муҳит яратиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, пенсия таъминотини яхшилаш бўйича ҳам кўп иш қилишимиз лозим”, деб алоҳида кўрсатиб ўтилди Мурожаатномада.

Бундай масъулиятли ишларнинг амалга оширилишида ХДПнинг ҳам алоҳида ўрни бўлиши зарур. Бугун вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида партиядан сайланган 116 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. 2018 йилда халқ депутатлари томонидан идора ва ташкилотларга 560 та депутатлик сўровлари юборилиб, уларнинг асосий қисми ижобий ҳал этилди. Депутатлик сўровларида одамлар турмуш тарзи, муаммолар ечими, ногиронлиги бўлган фуқароларга ғамхўрлик кўрсатиш масалаларига алоҳида аҳамият берилаяпти.

Депутатларимиз кўпроқ аҳоли ўртасида бўлиб, одамларни қўллаб-қувватлаш йўлларини ахтарса, уларни тадбирларга жалб этса, мақсадга мувофиқ бўлади. Очиғи, шу пайтга қадар депутатларнинг аксарияти хайрия ишларига расмиятчилик учун қаради. Энди эса улар йиллар мобайнидаги мудроқ ҳолатидан воз кечишлари, атрофга теран кўз билан боқишлари зарур.

Мажидхон УСМОНОВ,

ЎзХДП Самарқанд вилояти кенгаши раиси.