"Мусофирликда она тилингда айтилган ҳар битта сўз кўнглингни тоғдек кўтаради"
Тель-Авивда Ўзбек тили байрамига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси томонидан ушбу мамлакатда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва ўзбекистонлик фуқаролар иштирокида Ўзбек тили байрами кунига бағишланган онлайн шаклда давра суҳбати уюштирилди, деб хабар қилди “Дунё” АА мухбири.
Эътиборлиси, мазкур анжуманни Исроил фуқароси Полина Хаимова ўзбек тилида олиб борди.
- Мен Шаҳрисабзда туғилганман, - деди у. - Шу ерда ҳамширалик касбини эгалладим. Ҳозир Исроил фуқаросиман, аммо ўзбек халқининг ҳам фарзандиман, чунки Ўзбекистон - менинг Ватаним. Мен ўзбеклар орасида ўсдим, улғайдим, шу сабабли ўзбек тилида эркин гапира оламан.
Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбек тили байрами муносабати билан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Фармон Тошев, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси:
- Дунёда 60 миллиондан ортиқ киши ўзбек тилида сўзлашади. Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош ассамблеяси минбаридан ўзбек тилида маъруза қилгани она тилимизнинг халқаро нуфузи нечоғлик ошиб бораётганини кўрсатди.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги деярли барча кутубхоналарда ўзбек мумтоз ва замонавий адибларининг асарлари электрон шаклга ўтказилган ва ундан бутун дунё кутубхоналари фойдаланмоқда. Ўзбекистонда 100 дан зиёд миллат вакиллари яшайди. Уларнинг барчаси ўзбек тилида сўзлаша олади. Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида 8 та миллий-маданий марказ фаолият кўрсатмоқда.
Паризод Раҳматуллаева:
- Менинг Исроилда иш бошлаганимга ўн йилдан ошди. Лекин бир кун ҳам Ватанимдан, онам ва яқин қариндошларимдан алоқани узганим йўқ. Зиёли оилада камолга етганим учун ўз қишлоғимнинг фахри бўлган Ислом шоир Назар ўғли достонларидан, шоира Зулфия Мўминова шеърларидан ёд айтиб юраман. Уйимда ҳам ўзбек тилида гаплашамиз. Мен тилимизнинг нафосатидан завқланаман, қудратидан фахрланаман. Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси Феруза Маҳмудова бизлар билан тез-тез учрашиб, суҳбатларига чорлайди. Ватанимиз, юксалиб бораётган шаҳарларимиз ҳақида гаплашиб оламиз. Самарқанд ҳақидаги хабарларни, у ердаги ўзгаришларни ижтимоий тармоқларда қизиқиш билан кузатиб бораман.
Мадина Адиева:
- Бугунги онлайн давра суҳбатида қатнашаётганимдан хурсандман. Она тилимиз ҳақидаги билимларим янада бойиди. Айниқса, Полина хонимнинг ўзбек тилида бурро-бурро гапириши мени ҳайратга солди. Мусофирликда юртингдан келган ҳар бир хушхабар, она тилингда айтилган ҳар битта сўз кўнглингни тоғдек кўтаради.
Нодира Бобожонова:
- Исроилга келиб, жуда кўп дўстлар орттирдим. Албатта, тўпланганда, суҳбатлашганда бир-биримиз билан ўзбек тилида мулоқот қиламиз. Юртимиздаги воқеаларни ҳам кузатиб борамиз. Мана бугунги давра суҳбат иштирокчиларининг изҳорларини эшитиб, она тилимизда янграган латиф, самимий тилакларни тинглаб, тўлқинландим.
***
Давра суҳбатида мамлакатимиз элчиси Феруза Маҳмудова иштирокчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Ватандошлар билан миллий саналар, жумладан, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари муносабати билан турли тадбирларни биргаликда ташкил этишга келишиб олинди.