Сўзлашув нутқи ҳар бир мукаммал тилнинг пойдевори

Бугун ўзбек тили ва уни ривожлантириш, кенг тарғиб қилиш борасида қатор ишлар амалга ошириляпти. Юртимизда бу борада изланиш олиб бораётган олимлар ҳам талай. Ҳар гал ҳамкасблар билан она тилимиз, унинг ривожи ва муаммолари ҳақида гаплашар эканмиз, тилшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Бозорбой Ўринбоевни ёдга оламиз.

Устознинг бу борада олиб борган изланишлари, шогирдларига берган таълим-тарбияси эътирофли.

28 ёшида номзодлик, 40 ёшида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган олим Самарқанд давлат педагогика институтида ишлади, кейинчалик Жиззах давлат педагогика институтида ўзбек тили ва адабиёти ўқитиш методикаси, умумий тилшунослик, эски ўзбек ёзуви ва шарқ тиллари каби кафедраларнинг ташкил этилиши ташаббускори бўлди. СамДУда унинг ташаббуси билан матншунослик илмий-тадқиқот лабораторияси ташкил этилди.

Б.Ўринбоев Самарқанд тилшуносларининг устози, профессор Улуғ Турсунов раҳбарлигида 1964 йили «Ҳозирги ўзбек тилида вокатив категория» мавзусидаги номзодлик диссертациясини, 1976 йил «Ўзбек сўзлашув нутқи синтаксиси масалалари» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Устоз биринчилардан бўлиб, сўзлашув нутқи муаммоларига тўхталар экан, «...сўзлашув нутқи ҳар бир мукаммал тилнинг пойдевори, у ҳеч бир грамматик қоидаларга сиғмайди», - дея таъкидлаганди. Бу борада «Сўзлашув нутқи синтаксисининг баъзи масалалари», «Ўзбек тили сўзлашув нутқига умумий характеристика», «Ҳозирги ўзбек тилида вокатив категория», «Сўзлашув нутқида гап бўлаклари тартиби», «Ўзбек сўзлашув нутқи фонетикаси», «Ўзбек сўзлашув нутқи – ўзига хос нутқий система», «Ҳозирги ўзбек тилининг сўзлашув услуби», «Сўзлашув нутқида савол-жавоб репликалар», «Сўзлашув нутқи лексикаси ва унинг қўлланиш даражасига кўра фарқлари» каби кўплаб монография ва ўқув қўлланмаларни нашр эттирди.

Шунингдек, стилистика масалаларида Алишер Навоий асарлари тилида лексик ва грамматик нормаларнинг белгиланиши, тасвирий воситалар, Алишер Навоий асарлари матнида сўфизм атамалари ҳамда Ғафур Ғулом асарларининг лингвопоэтикаси, афоризмлар, поэтик нутқ жилолари юзасидан ҳам бир қатор изланишлар олиб борди.

Б.Ўринбоев илмий фаолияти давомида нутқ маданияти масалаларига ҳам эътибор қаратди. Олим нотиқлик ва нутқ маданияти, нотиқлик санъати, унинг асослари, диалектология муаммолари, тил тарихи масалаларига бағишланган ўнга яқин қўлланмалар муаллифи.

Ҳозирги ўзбек адабий тили синтаксиси масалалари ҳам профессор эътиборидан четда қолмади. «Ҳозирги ўзбек адабий тилида реплика такрори», «Диалогик репликанинг коммуникатив йўналиши», «Ҳозирги ўзбек адабий тили синтаксиси», «Ўзбек халқ мақолларида трансформациялаш», «Ҳозирги ўзбек адабий тилида субъектив муносабат ва унинг хусусиятлари», «Ҳозирги ўзбек адабий тилида синтактик муносабатлар», «Парадигматик қамровига кўра синтактик муносабатлар», «Синтаксис муаммолари диққат марказида», «Ҳозирги ўзбек тили синтаксиси» (Дарслик,) каби мавзуларда ҳам тадқиқотлар олиб борди.

Она тилимизни ўқитиш, унинг фонетик, лексик, грамматик хусусиятларини мукаммал эгаллаш, оғзаки ва ёзма нуқтда тил қоидаларига риоя қилиш мактаб давридан пухта эгалланади. Устоз бу борада ҳам изланиш олиб бориб, таълим тожик тилида олиб бориладиган мактабларнинг 2-3-синфлари учун «Ўзбек тили» дарслигини яратди.

Муайян тилнинг ривожланиши даражаси, ундаги луғатларнинг ранг-баранглиги, миқдори билан ўлчанишини эътибордан қочирмаган ҳолда, лингвистиканинг турли соҳаларига хизмат қилувчи луғатлар тузиш, сўнгги техника воситалари билан таъминлаш каби масалалар олим томонидан алоҳида ўрганилган: «Сўфизм атамалари луғати», «Асрлардек барҳаёт номлар», «Мактаб топонимик луғати», «Ўзбек халқ оғзаки ижоди асарлари фразеологизмлари» кабилар шулар жумласидандир.

Бозорбой Ўринбоев 2014 йилда вафот этган бўлса-да, олимнинг эътирофга лойиқ ишларини бугун кўп сонли шогирдлари давом эттирмоқда. Бу устознинг қилган изланишлари, яшаган умри бесамар кетмаганидан нишонадир.

Азамат Пардаев,

СамДУ ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори.

Шавкат Маҳмадиев,

Динара Исломова,

кафедра доцентлари.