Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Она тилим, доим қадринг баланд бўлсин!

Қўшработ тумани Заркент қўрғонидаги “Кончи” маданият уйида шу мавзуда тадбир бўлиб ўтди.

Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Жанубий кон бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда юртимизда она тилимизнинг нуфузини ошириш, мавқени мустаҳкамлаш, унинг тарғиботи, ёш авлод қалбида она тилимизга бўлган ҳурмат руҳини сингдириш ҳақида гап борди.

Ўзбек тили байрамини қизиқарлироқ нишонлаш мақсадида Навоий кон-металлургия комбинати маънавият ва маърифат маркази, Жанубий кон бошқармаси, Самарқанд давлат университети, Республика маънавият ва маърифат маркази Қўшработ туман бўлинмаси, ушбу тумандаги 26-умумтаълим мактаби билан ҳамкорликда дастур ишлаб чиқилди. Унга кўра, турли бўлинмалардан таклиф этилган ишчи-ходимлар ўртасида диктант ёзиш танлови, шунингдек, мавзуга доир викторина ташкил этилди. Кончилар ўзларининг чиройли ҳуснихатлари, саводхонлиги, билим даражаси бўйича ўзаро беллашдилар.

- Мен мактаб даврида диктант ёзганман. Она тили ва адабиётга қизиққаним боис, доим ундан аъло баҳо олардим. Бунга анча йиллар бўлганди. Бугунги синовда ўзимни қайта синаб кўрдим. Ёшликда олган билим барибир хотирада қолар экан. Ҳамкасбларимиз ўртасида ўтказилган танлов натижасида буни кўрдим. Ҳакамлар томонидан 1-ўринга лойиқ топилдим, - дейди 4-гидрометаллургия заводи ишчиси Севара Агаева.

Дарвоқе, якуний натижаларга кўра диктант ёзиш танловида “Ғужумсой” кони ишчиси Сожида Пардаева ва геолог Абдулла Очиловлар кейинги ўринларни забт этди. Викторина кечасида “Зармитан” кони муҳандиси Шаҳло Орзиқулова, 4-гидрометаллургия заводи ишчиси Жамол Эшбоев, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди йўриқчиси Шоакбар Эгамов, сувни кимёвий тозалаш аппаратчиси Дурдона Норжигитова, механика-таъмирлаш цехи ишчиси Ойбек Узоқбоев саволларга аниқ жавоб бериб, билимдонликларини намойиш этди. Мазкур танловлар ғолиб ва совриндорлари кон бошқармаси маъмурияти ва 2-бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси қимматбаҳо савоғаларини билан тақдирланди.

Тадбир давомида “Кончи” маданият уйи бадиий жамоалари, мактаб ўқувчилари томонидан ҳавола этилган куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари маънавий-маърифий тадбирга яна кўтаринкилик бағишлади.

Дилдора Отабоева,

Жанубий кон бошқармаси ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи раҳбари.