«Тўғри ўзбек тили» дейилган сунъий қоидалар ёхуд хатоларни тўғрилаш фурсати келмадими?
Жаҳон тарихида ҳеч бир миллат ёзув борасида ўзбек халқидек оғир мусибатга учрамаган. Халқимиз XX асрда уч марта имло инқилобини бошидан кечирди. Бу нозик омил миллатнинг илмий, ақлий салоҳияти ва сиёсий даражасига таъсирини кўрсатмай қолмади.
Араб ёзуви VIII асрдан бошлаб XX асрнинг 1929 йилигача, эски туркий (ўзбек) ёзуви сифатида ХI асрдан 1929 йилгача қўлланилган.
Халқимизнинг жаҳон тарихидаги энг шарафли, энг буюк, энг ўлмас илмий-ижодий асарлари аслида шу ёзувда битилгани ҳақиқат. Имло — миллатнинг тақдири, тарихий мероснинг тили ва келажакнинг пойдевори! Агар навбатдаги хатога йўл қўйсак, буюкаждодларимиз бизни кечирмайди.
Шоир ва олим Мирзо Кенжабекнинг таъкидлашича,«ҳозир биз амал қилаётган қонун 1989 йилда қабул қилинган қонун эмас, балки 1995 йилнинг 21 декабрида деярли «яширин» услубда ўзгаришга учраган янги таҳрирдаги қонундир». Давлат тили ҳақидаги қонун талабларини амалга ошириш борасида анча хайрли ишлар қилинган, жиддий натижаларга эришилган бўлса-да, қонун амалиётида сусткашликка йўл қўйилаётганининг бош сабаби аслида ана шу шошилинч, яширин ўзгаришларнинг қилингани билан характерланади.
Биринчидан, давлат тили ҳақидаги 1995 йилги қонунда ўзбек тилини ўрганиш заруриятини белгилайдиган ёки унга рағбатни оширадиган бирорта банд мавжуд эмас. Қонунга кўра, фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эга. Бу эса ўзбек тилининг жамиятда ҳеч қандай зарурияти йўқ, дегани. 1995 йилги қонунда Ўзбекистон фуқароларининг давлат тилини билиши, ўрганиши шартлиги бирор нуқтада қайд этилмаган. Шунингдек, бирон давлат идорасига ишга кириш ёки расмий тайинловларда давлат тилини билиш шарти белгиланмаган. Қисқаси, бу ифодалар бошқарув соҳасида ва расмий муомалада урф бўлган рус тилининг мавқеини мустаҳкамлаб, расмийлаштириб берган, холос.
Иккинчидан, турли маъмурий идора ҳамда муассасалар она тилимизнинг тўлиқ ва мукаммал ҳолда жорий этилишига лоқайдлик билан қараб келмоқда. Жумладан, ички ишлар соҳаларида давлат тилига эътиборсизлик учраб турибди ёки турли ташкилотлардан аҳолига келадиган огоҳлантириш ёки қарзни тўлаш ҳақидаги огоҳлантириш хатлари йигирма йилларки, асосан, рус тилида жўнатилади.
Муаммолар ўзимизники...
Миллий ғурури бўлган инсон ўз она тилида равон сўзлаша олиши ва ёза билиши шарт. Биз тилимизга давлат мақоми берилган 21 октябрь кунида ҳар йили қандайдир тадбир ўтказиш билан чекланяпмиз, амалда тилимиз ривожига эътиборсиз, лоқайд бўлиб бормоқдамиз. Қанча кўп тил билсангиз, шунча яхши, лекин, биринчи навбатда, она тилини яхши билмоқ зарур, яъни бошқа тилларни билишимиз ўз она тилимизни камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак.
Давлат тилининг эътиборсиз қолаётганлиги боиси шуки, тирикчилик ташвишлари ва бошқа омиллар таъсирида ёши катталар, хусусан, ёшларимиз орасида китоб ўқишга, илм олишга иштиёқ анча сусайди. Китоб, газета, журнал мутолаа қилмаган инсоннинг тил бойлиги чекланиб, у маиший даражада ишлатиладиган сўзлардан нарига ўтолмайди. Она тилига бўлган ҳар қандай ижобий ёки салбий муносабат муқаррар равишда миллий ғурурга, менталитетга сезиларли даражада таъсир этади. Агар она тилига эътибор сусая бошласа, ўзига хос нигилизм (лот. nihil — «ҳеч нима» — мавжуд ижтимоий ҳаёт шакли ва ахлоқий нормаларни, маданий мерос ҳамда идеалларни инкор этиш) кучаяди, ёшлар ўз аждодларининг маданий-тарихий меросини аста-секин унута бошлайди, кишиларнинг сиёсий онгида аста-секин номукаммаллик туйғулари бош кўтаради. Бизнинг фикримизча, юртимизда яшаган барча миллат, элат вакиллари ўзбек тилини, маҳаллий халқнинг адабиёти ва санъатини, бой тарихини, илмий меросини билиши бугунги давр талаби. Америкага, Германияга бориб яшаётган турк, ҳинд, хитойлик, эронлик шахс иш фаолияти юришиб кетишини истаса, инглиз, немис тилларини махсус ўрганади. Назаримда, бугунги талаб ва инсоний эҳтиёжларни чуқур ўрганиб, давлат тилини билмаганлар учун тил ўргатиш курсларини бепул ташкил этишимиз лозим.
Шу ўринда яна бир муаммога тўхталиб ўтишимизга тўғри келади. Қўшни давлатларнинг қонунлари матни билан танишган таниқли адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов ЎзАда эълон қилинган «Ўзингдан чиққан балога...» номли мақоласида қонунимизнинг ўзи номукаммал эканини куйиниб ёзади: «Ўзбекистонда давлат тили тўғрисидаги қонун 5.187 белгидан иборат бўлса, Қозоғистонда 15.013 белги, Озарбайжонда 12.000, Туркманистонда 15.468, Қирғизистонда 14.063, Тожикистонда 8.600, Россия Федерациясининг давлат тили тўғрисидаги қонуни 10.158 белгидан иборат. Қаранг, Марказий Осиёдаги энг «кичкина» қонун шу минтақадаги энг катта давлатга тегишли бўлиб чиқяпти». Демак, бу хатоликни тўғрилаб қўйиш фурсати етибди.
Мавриди келганда, анчадан буён ечимини кутиб турган бир муаммони айтиб ўтишга тўғри келади. Ўзбек тили бўйича дарсликларни XX аср бошидан тўлалигича рус тилшунослигига, рус тили қоидаларига бўйсунган ҳолда яратишга киришилган. Масалан, 1939 йилда О.Усмонов ва Б.Авезов ҳаммуаллифлигидаги «Ўзбек тили грамматикаси» китоби чиқади. Бу дарслик С.Бархурдаров ва Е.Доисковнинг «Грамматика русского языка» китоби асосида тузилди. Бу китобда ўзбек тили назарияси илк бор биз ҳозир ўқиётган кўринишга келтирилди. «Рус тилидаги қоидалар ўзбек тилига кўр-кўрона жорий этилди», - дейди ёш олим Элдор Асанов. - Масалан, рус тилида олтита келишик борлиги учун ўзбек тилида ҳам келишиклар сони олтита қилиб белгиланди. Сўз туркумларининг категориялари ва турлари рус тилидагига мосланди. Чет эл сўзлари рус тили орқали олиниши ва рус тили фонетикаси бўйича талаффуз этилиши белгиланди». Демак, 80 йил муқаддам сунъий йўл билан яратилган тил қоидалари ҳалигача «тўғри ўзбек тили» сифатида кўрилаётган экан.
Таклиф...
Мақоламиз якунида ўзбек тили ривожига оид баъзи таклифларимизни келтириб ўтмоқчиман.
Биринчидан, интернетда ўзбекча контентни кескин кўпайтириш (Википедия, Google), иккинчидан, ўзбек тилидаги веб-сайтлар, электрон кутубхоналар сонини, сифатини янада ошириш, учинчидан, миллий кино ва театр, адабиёт ҳамда санъат соҳасида янги руҳ ва юқори савиядаги (Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст, Назар Эшонқул асарлари янглиғ) бадиий асарларни кўпайтириш, тўртинчидан, кўчаларимиз пештахталаридаги ўзбекча ёзувларни танқидий кўриб чиқиш зарур.
Ва ниҳоят, юқорида таъкидлаганимиздек, ҳозирги вақтда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 50 мингдан зиёд араб, форс тилидаги бебаҳо қўлёзма манбалар ўрганилмай ётибди. Араб, форс тилида ёзилган қўлёзмаларни ўрганиш, китоб ҳолида нашр этиш, уни халқимизга ва жаҳон оммасига, илм-фан аҳлига етказишда етук мутахассислар етишмайди. Ана шу ўта муҳим масалага ечим топиш мақсадида Матншунослик ва манбашунослик институтини очишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
2020 йил бошидан Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилиб, унинг қошида Атамалар комиссияси фаолиятини бошлагани, вазирлик ва идораларда давлат тили бўйича раҳбар маслаҳатчилари лавозими жорий қилингани бу борада ташланган ижобий қадамлардир. Шунингдек, «Давлат тили ҳақида»ги қонунни бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирган ҳолда янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқишга киришилди. Демак, янги қонун халқимиз узоқ йилдан бери орзиқиб кутган, ўзбек миллати обрў-нуфузини кўтаришга хизмат қиладиган юксак даражадаги мукаммал ҳужжат бўлади, деб ишонамиз.
Сабоқларимизга кўра, она тили - миллат руҳи ва қалби, жамият уйғоқлигининг кўзгуси эканлигини унутмайлик.
Бахтиёр Омонов,
сиёсий фанлар доктори, профессор.