Ижодкор адабий тилда гапириши ва ёзиши шарт
Бу гап вилоят Матбуот уйида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллиги олдидан “Адабий тилимиз бугуни ва эртаси: муаммо ва ечимлар” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида айтилди.
Тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари, туман ва шаҳар газеталари муҳаррирлари, мухбирлар ҳамда Самарқанд давлат чет тиллари институтининг халқаро журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабалари иштирок этди.
- Кейинги йилларда юртимизда она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишлар янги босқичга кўтарилмоқда, - дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев. - Пировардида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътибори тубдан юксалиб бормоқда. Буни ўтган қисқа даврда мазкур йўналишда қабул қилинган қатор қонун, фармон ва қарорлар самараси мисолида барчамиз яққол кўриб турибмиз. Хусусан, 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланиши муҳим тарихий воқелик бўлди.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети доценти Мардон Болтаев адабий тилимизнинг бугуни ҳақида тўхталар экан, ижодкор, адабий тилда гапириши ва ёзиши шарт эканлигига алоҳида урғу берди. Чунки баъзи ҳолларда журналист, сухандон, бошловчи, ижодкорлар томонидан тил қоидаларига амал қилмаслик ва уни бузиб ишлатиш кузатилмоқда. Бу каби холатларни кўпроқ телевидение ва радиода ва интернет нашрларида берилаётган видиолавҳаларда кўриш ва эшитиш мумкин. Аслида бунинг илдизи мактабгача таълим, мактаб ва олийгоҳларда дарс бераётган ўқитувчиларга бориб тақалиши ҳам афсуски айни ҳақиқат. Баъзи холатда турли шеваларда сўзлашиши бора-бора ёзувларга кўчмоқда, бу эса аҳолини чалғитмоқда. Бу, албатта, турли муаммоларни келтириб чиқаришга сабаб бўляпти. Унинг ечими бор, бунинг учун боғчада, мактабда, олийгоҳларда ўқувчидан 3 ёки 4 ойда қайта-қайта иншо ёздиришни йўлга қўйиш лозим. Буни айниқса, ишга қабул қилинадиган талабгордан ва айни пайтда ишлаётган ишчи-ходимлардан олиш керак ва унинг ижроси назорати ҳам кучайтирилса мақсадга мувофиқ буларди.
Шунингдек, домла ўзбек тилига асосланган лотин ёзувидаги айрим ўзгаришлар ва уни қўллаш тартибларини аниқ мисоллар орқали тушунтириб берди.
Тадбир якунида икки нафар журналистга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига қабул қилинганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳам топширилди.
Ҳусан Элтоев.