Музқаймоқ фойдалими ёки зарарли?
Унда қанча калория бор?
Музқаймоқ, қоида тариқасида, саноат усулида тайёрланади. У асосан сут ёки қаймоқ, шакар, сув ва қуюқлаштирувчи моддадан иборат. Бир порция музқаймоқнинг калория таркиби 100 дан 400 ккалгача бўлиши мумкин. Бу кўрсаткич сут маҳсулотлари ва бошқа таркибий қисмларнинг ёғ миқдор фоизига боғлиқ.
Музқаймоқ фойдаси
Баъзилар учун музқаймоқ тетиклаштирувчи, хушхўр десерт бўлса, бошқалар уни юқори калорияли ва носоғлом маҳсулот деб ҳисоблайди. Аммо музқаймоқ бошқа кўплаб маҳсулотлар каби фойдали ва зарарли фазилатларга эга.
Кальций манбаи
Музқаймоқ инсон танаси учун зарур макроэлементдан иборат сутли маҳсулотдир. Мушак-скелет тизимининг ривожланиши ва мустаҳкамланишида муҳим бўлган кальций, юрак-қон томир тизимида зарур магний ва калийни ўз ичига олади. Табиий сут ёки қаймоқ, мева ва зиравордан иборат музқаймоқ А, С, Е витаминларини ўз ичига олади.
Стрессни қувади
Музқаймоқ истеъмол қилиш асабийлашиш даражасини камайтиради. Бошқа ширинликлар сингари у ҳам стрессга қарши эндорфин ишлаб чиқаришга ёрдам беради.
Овқат ҳазм қилишни яхшилайди
Йогуртга асосланган ширинлик ичак микрофлорасини нормаллаштиришга ёрдам беради ва соғлом ошқозон-ичак трактига фойдали таъсир кўрсатади. Овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари бўлганлар учун сут маҳсулотларини эҳтиёткорлик билан истеъмол қилган маъқул, албатта.
Вазнни оширмайди
Бўёқ ва таъм берувчи қўшимчалар қўшилмаган, калорияси паст маҳсулотни меъёрида истеъмол қилса вазн ортишига таъсир этмайди. Бунинг учун ишлатилган ингредиентлар рўйхатини кўздан кечириш зарур. Агар таркибида табиий маҳсулотлар, мева ва резаворлар бўлса, бундай музқаймоқни вазн ортишидан хавфсирамай, бемалол истеъмол қилиш мумкин. Бошқа ширинлик ва пишириқлардан фарқли ўлароқ, унинг калория миқдори паст бўлади.
Зарари
Музқаймоқ ортиқча вазн, семиришга мойиллик, ошқозон-ичак тракти касалликлари, масалан, гастрит, панкреатит, қандли диабети бўлганлар музқаймоқдан тийилгани маъқул. Шунингдек, музқаймоқдан кейин бирдан иссиқ ичимлик ичиш тавсия этилмайди. Ҳарорат кескин ўзгариши тиш эмалига салбий таъсир қилади.
Музқаймоқ томоқ оғриғини тузатадими?
Томоқ оғриганда музқаймоқ истеъмол қилиш фойдали, деган фикр мавжуд. Бу аслида нотўғри. Ширинлик касалликдан халос бўлишга ёрдам бермайди, вазият, аксинча, ёмонлашиши мумкин. Тўғри, кўпинча томоқ оғриғи шиллиқ қаватнинг шишиши билан бирга келади ва терапевтик амалиётда, дастлабки босқичларда тўқималар шишишида совуқдан фойдаланилади.
Г.Холдорова тайёрлади.