Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нега Университет хиёбони ҳақида асоссиз хабар тарқатганлар кечирим сўрамади?

Ҳа, негадир ҳеч ким кечирим сўрамади! Гап Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбони ҳақида кетаркан, кейинги кунларда бутун интернет оламида «Бульвар ўзгармайди!» деган хабарлар тарқала бошлади. Ваҳоланки, бульварнинг ўзгариши, унинг қайта қурилиши ҳақидаги хабарлар ёлғон эдику! Сабаби, илк маълумот тарқалганда ҳам аниқ-тиниқ қилиб айтилганди: хиёбон ободонлаштирилади, бирорта дарахтга зиён етмайди, велойўлак қурилади, деб. Аммо буни қарангки, бу ишларга киришилган заҳоти интернетда умуман ҳақиқатга зид бўлган лойиҳалар, бульварнинг қай аҳволга келиши ҳақидаги ёлғон суратлар пайдо бўлди. Бу эса ушбу хиёбондан бир бор бўлса-да ўтган кишида ғазаб, нафрат уйғотди. Наҳотки, шу гап рост бўлса, наҳотки, бульвар аллақандай дидсиз бир ҳудудга айланиб қолса, деган ўйда барча ўз норозилигини билдира бошлади. Шу тариқа катта бир норозилик ўчоғи пайдо бўлди: энг қизиғи - йўқ жойдан.

Дунё тажрибасида ҳам машҳур, шаҳарнинг диққатга сазовор, тарихий ҳудудига айланган бульварларда велойўлаклар бўлиши табиий ҳоллигини айтадиган бўлсак, бу масала катта шов-шувга арзимайди. 

Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимов журналистлар билан учрашиб, масалага ойдинлик киритди. Тарқалган хабарларнинг асоссиз эканлигини, мақсад – хиёбонни ободонлаштириш, у ерни одамлар келиб, сайр қиладиган, дам оладиган ҳудудга айлантириш эканлигини айтди.  

Хуллас, масалага муносабат билдирилди. Аммо ёлғон хабар тарқатганлар негадир жим. Умуман, бугун ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчилар томонидан лайк йиғиш ёки бошқа мақсадларда шов-шувли, фейк хабарлар тарқатиш оддий ҳолга айланган. Аммо бу кези келганда минглаб кишиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Фейк хабар, уни тарқатганларга фойдасию, жамиятга, баъзи бир ташкилотга зиёни, умуман медиасаводхонлик, ёлғон хабарларга муносабат билдирилмаётгани сабаблари кейинги мақолаларимиз мавзуси бўлади. Сайтимизни кузатиб боринг.

Гулруҳ МЎМИНОВА.