Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хиёбон бузилмайди, аксинча, янада ободлашади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хавотирлар ўринсиз

Интернет ижтимоий тармоқлари орқали айрим юртдошларимизнинг Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбонида аҳолининг маданий дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётганини нотўғри талқин этаётган ёки бу ишларга акс муносабатда бўлаётганликлар кўзга ташланаётир.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ушбу хиёбонда бажарилаётган ишлар лойиҳаси билан яна бир бор танишиш, қурилиш мутасаддилари, мутахассислар билан фикрлашиш мақсадида йиғилиш ўтказди.

- Аввало, хиёбондаги биронта дарахтга зиён етмаслиги керак, - деди вилоят ҳокими. – Қолаверса, ҳудуднинг тарихийлиги, ҳамюртларимиз ҳамда хорижлик сайёҳлар учун аҳамиятли маскан эканлигини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг кечаю кундуз сайр қилиши, мароқли дам олишига асқотувчи барча қулайликларни яратишни назарда тутиш лозим. Бу ерда умумий овқатланиш шохобчалари – ресторан, кафе ёки бар бўлмайди. Аксинча, бу ерда одамларга завқ берадиган, ҳордиқ улашадиган масканлар – фавворалар, сайргоҳлар, енгил жисмоний машқлар учун спорт ускуналари, шарқона услубларда тайёрланган ўриндиқлар, Vi-Fi зоналар, ахборот хизматларини кўрсатувчи марказ ташкил этилса, мақсадга мувофиқ. Умуман, бажарилган ҳар бир иш хиёбонга кирган кишида ҳавас ва яхши кайфият уйғотсин. Хиёбон атрофида ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини чегаралаш, уларнинг ҳаракатланиш тезлигини босқичма-босқич 30-10 километр соатгача камайтириш чоралари кўрилмоқда. Яқин келажакда шаҳарнинг шу каби тарихий ҳудудларида техникаларнинг юришини тақиқлаш режаси ҳам бор.

Ҳоким хиёбон йўлакларига тўшаш учун маҳаллий қурилиш ташкилотлари томонидан тақдим этилаётган гранит плита маҳсулотлари, Швейцариянинг «Conica» компанияси тақдим этган югуриш ҳамда велойўлак учун мўлжалланган полимер тўшамалар билан танишди. Мутахассисларнинг таклиф ва маслаҳатларини тинглади.

- Айрим ҳамшаҳарларимизнинг хиёбон билан боғлиқ хавотир билдиришига асос йўқ, - дейди масканда таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини олиб бораётган «Agromir Buildins» масъулияти чекланган жамияти раиси ёрдамчиси Р.Фозилов. - Университет хиёбонидаги мавжуд 2290 та дов-дарахтга қўшимча арча ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади. Хиёбоннинг умумий узунлиги 1200 метр бўладиган бўлса, ҳозирда майдоннинг 170 метр қисми - Амир Темур ҳайкалидан университетнинг биология факультетигача бўлган ҳудудида ободонлаштириш ишларини бошладик. Хиёбоннинг ўртасида гранит плиталар ётқизилган пиёдалар йўлаги, икки чеккада махсус югуриш, болалар ва катталарнинг зарур ҳолларда велосипедда ва бошқа кичик экологик тоза техник воситаларда (самокат, сигвей, аравача каби) ҳаракатланиши учун махсус йўлаклар барпо қилинади. Тунги ёритиш тизимлари янгиланади, замонавий, ёпиқ ирригация тизимлари ўрнатилади. 20-30 сантиметр унумдор тупроқ тўшалиб, гулзор ва яшил майдонлар, умумий кўринишга таъсир этмайдиган ер ости ҳожатхоналари ташкил этилади. Ўрнатиладиган ўриндиқларда мобил алоқа воситаларини қувватлантириш, USB портларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади. Таъмирлаш, ободончилик ишларига корхонамизнинг мингдан зиёд ишчисини жалб этиб, ишларни тез ва сифатли амалга оширишни режалаштиряпмиз.

Ободонлаштириш ишларига туркиялик мутахассислар ҳам жалб этилади.

Тадбирда шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларига хиёбонда амалга оширилаётган ишларни холис ёритишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш тавсия этилди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).