Ногиронлиги бўлган шахслар қандай қилиб фаол ҳаётга қадам қўйиши мумкин?

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Фаол ҳаётга қадам» дастури асосида улар учун уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш, қараб туриш, тиббий-ижтимоий реабилитация ва шахсий ёрдамчи хизматлари йўлга қўйилди.
Самарқанд туманида ҳам 74 та маҳаллада ёлғиз яшовчи, ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бўлган 79 нафар фуқарога ижтимоий ассистент бириктирилиб, «Фаол ҳаётга қадам» дастури доирасида хизматлар кўрсатиляпти. Якка тартибдаги тадбиркор Хумора Жўрақулова томонидан кундузги қатнов асосида қараб туриш маркази ташкил этилиб, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун 5 турдаги янги хизматлар йўлга қўйилди.
Масалан тумандаги Равонак маҳалласида яшовчи Дилноза Сатторова ногиронлиги бўлишига қарамай, ҳаётга шукроналик ҳисси билан қараб келмоқда.
- Шукурки, мамлакатимизда ҳеч ким эътибордан четда қолгани йўқ, - дейди у. – Турмуш ўртоғим вафот этган, бир нафар қизим турмушга чиқиб кетган. Қаровчим йўқ, энди кунимни қандай кўраман, деб турганимда тўсатдан менга ёрдам қўлини чўзадиганлар топилиб қолганидан хурсанд бўлдим. Маҳалладаги ижтимоий ходим Гулруҳ Наимова ҳолатимни ўрганди ва кўмак кўрсата бошлади.
Дилноза Сатторова “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди. Унга қиш мавсумида сарфланадиган электр энергияси учун компенсация пули тўлаб берилди, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, санаторийга йўлланма берилди.
Туманда дастур доирасидаги ижтимоий хизматлардан фойдаланувчилар, фаол ҳаётга қадам қўяётганлар сони босқичма-босқич ортиб бормоқда.
Камолиддин Ғаппаров,
туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори.