Нур-Султондаги кафеда портлаш юз берди - бир киши ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ одам жароҳатланган

Бу ҳақда 21 ноябрь куни шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, 21 ноябрь куни тушдан кейин кафеда газ баллони портлагани тўғрисида мурожат тушган. Портлаш оқибатида ошхона қисмидаги деворлар қулаб тушган. Қутқарувчилар бинодан 15 дона газ баллонини олиб чиқишган. Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа жойида бир киши ҳалок бўлган.

“Турли тан жароҳатлари олган 33 нафар жабрланувчи шаҳар касалхоналарига етказиб борилди. Айни вақтда уларга биринчи ёрдам кўрсатилмоқда. Барча тиббий ёрдам тўлиқ ҳажмда ва малакали мутахассислар томонидан амалга оширилади”, дейилган бошқарма баёнотида.