Нуробод шаҳарчасида иссиқ сув таъминоти эътиборимизда

1.Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?
Жорий йилда сайлов округи бўйича ҳудудий дастур асосида умумий қиймати 482,7 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа амалга оширилиши ва бунинг эвазига 558 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатида 49,7 миллиард сўмлик 9 та лойиҳа амалга оширилиб, 101 та янги иш ўринлари яратилган.

Бундан ташқари, 12 миллион долларга тенг хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида 4,1 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган.

Жорий йилда Сазағон маҳалласидаги “Mirankul Construktion Materials LTD” масъулияти чекланган жамияти томонидан 34 миллиард 637,7 миллион сўмнинг овал шаклидаги усти ёпиқ ишлаб чиқариш цехлари, омборхоналар ва стадионлар ҳамда уй-жойларнинг пойдевор, бостирма ва фасад тизимларида ишлатиладиган маҳсулотлар лойиҳаси амалга оширилди. Натижада 30 та янги иш ўрини яратилди.

2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда юзага келган эпидемиологик ҳолат билан боғлиқ бир қанча қарор ва фармонларининг нафақат сайлов округи, шу билан бирга Нуробод туманидаги ижросини депутатлик назоратига олганман. Бу борада аҳолига, тадбиркорлик субъектларига берилаётган имконият ва енгилликларнинг моҳияти ҳақида ўнлаб учрашув ҳамда мулоқотлар ўтказдим.
Бундан ташқари, Улус сайлов округи ҳудудидаги 18 та маҳаллада истиқомат қилаётган 200 оилага, ёлғиз, кам таъминланган фахрийларга 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

3. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг?
Нуробод шаҳарчасидаги сайловчилар иссиқ сув таъминоти талаб даражасида эмаслиги ҳақида мурожаат қилди. Фуқароларнинг мурожаатларида баён этилган камчиликларни бартараф этиш ва аҳолига шартномада кўрсатилган тартибда хизмат кўрсатишни ташкил қилиш бўйича депутатлик сўрови юбордим.
Таъминотчи корхона зарур чора-тадбирларни амалга оширди, аҳоли томонидан кўтарилган муаммо ҳал этилди.

Ёрқин Шакаров,
40-Улус сайлов округидан Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.