Нуронийлар маърифат масканида бўлди

Ургутлик бир гуруҳ имом-хатиблар ва нуронийлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли адиб ва журналист Абдусаид Кўчимов кутубхонаси фаолияти билан танишди.

Ижодкор туғилиб-ўсган Деҳқонобод маҳалласида ташкил этилган кутубхона бугун ҳақиқий маърифат марказига айланган. Бу даргоҳга ёшлар фақат китоб мутолааси учун эмас, балки ўз устида ишлаш, билим ва дунёқарашини бойитиш, ҳаётда тўғри йўл топиш мақсадида ҳам келмоқда.

Кутубхона фонди турли йўналишдаги бадиий адабиёт, тарих, фалсафа, диншунослик, ижтимоий фанлар, илмий-оммабоп ҳамда замонавий адабиётлар билан бойитилган. Ундан маҳалладаги фуқаролар билан бирга, олий таълим муассасалари талабалари, илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчилар ва китобсеварлар ҳам самарали фойдаланмоқда. Эътиборлиси, кутубхонада китобларни анъанавий тарзда мутолаа қилиш билан бирга, уларни вақтинча олиб кетиш ёки онлайн шаклда ўқиш имконияти ҳам яратилган.

Танишув давомида нуронийлар томонидан кутубхонанинг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти, давлатимиз раҳбарининг яқинда ёшлар билан ўтказган мулоқоти, юртимизда китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилаётган эътибор хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ёш авлодни илмли, маърифатли, мустақил фикрлайдиган инсонлар этиб тарбиялаш нуронийларнинг ҳам зиммасидаги асосий вазифаларидан бири экани таъкидланди.

– Бугунги ахборот асрида айрим ёшларнинг ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиб, турли алдов ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётгани ташвишли, – дейди Ургут тумани бош имом-хатиби Абдуғани Ҳасанов. – Шу боис ёшларни маърифат билан қуроллантирмасак, бўш қолган онгни бегона ғоялар эгаллайди. Эртамиз эгалари бўш вақтини мана шундай маънавиятва маърифат масканларида ўтказса, тил, касб-ҳунар ўрганса, жамиятнинг юзи, дунёқараши, келажак сиймоси ҳам ўзгаради. Шунингдек, бундай масканлар нуронийларнинг ёш авлод билан фикр алмашиш, уларга ҳаётий тажрибаларни ўргатишга ҳам хизмат қилади. Ана шу ҳамкорлик орқали ёшлар фақат билимли эмас, балки масъулиятли, мустақил фикрлайдиган, соғлом ғояларга эга инсонлар этиб тарбияланади.