Осиё тараққиёт банкининг 59-йиллик йиғилиши Самарқандда ўтказилади

2026 йилнинг 3−6 май кунлари Самарқанд шаҳри Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) 59-йиллик йиғилишига мезбонлик қилади. Унда банкка аъзо 69 давлатнинг банк-молия муассасалари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, ННТлар ва ОАВ вакиллари иштирок этиб, Осиё-Тинч океани минтақасида жойлашган мамлакатлар олдида турган ривожланиш муаммоларини кўриб чиқилиши кўзда тутилмоқда.

Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев билан Осиё Тараққиёт Банки котиби маслаҳатчиси Давид Гарригос-Солива ҳамда банкнинг Стратегик ва сиёсий департаменти бош мутахассиси Ботир Мирбабаевлар иштирокида ўтказилган учрашувда мазкур йиғилиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Давид Гарригос-Соливанинг сўзларига кўра, 2026 йилги йиллик йиғилиш минтақанинг кўплаб соҳаларида ўзига хос мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим  платформа вазифасини ўташини билдирди.

ОТБ мураккаб муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун ўз аъзолари ва ҳамкорлари билан ишлар экан, одамлар ҳаётини ўзгартириш, сифатли инфратузилмани барпо этиш  учун инновацион молиявий воситалар ва стратегик ҳамкорликдан кенг фойдаланади, - деди банк вакиллари.

Адиз Бобоев ОТБнинг йиллик йиғилишини Самарқандда ўтказилаётганидан мамнун эканлигини айтиб, ушбу нуфузли тадбирни юқори даражада  ўтказиш учун барча зарурий чоралар кўрилишини таъкидлади.

Шунингдек,  мулоқотда йиллик йиғилиш доирасида банк молия, хорижлик инвесторлар иштирокида самарқандлик тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ўртасида бизнес-форум ҳамда учрашувлар ўтказишга ҳам келишиб олинди.

Банк вакиллари Самарқандда яшил иқтисодиётга ўтиш, хусусий секторни мустаҳкамлаш ва инсон капиталига сармоя киритишга кўмаклашишларини, "яшил шаҳар" лойиҳаси доирасида Самарқандда экологик тоза электробуслар, трамвайлар ҳаракати йўлга қўйилганлигини эътироф этиб,   йиғилиш доирасида ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини маълум қилишди.