Ўз орзуларини рангтасвирларда қолдирган устоз

Шундай инсонлар борки, ҳаётда ўз касбини ҳамма нарсадан ортиқ севадиган, шогирдларига бор билими ва меҳрини аямагани сабаб орамизда бўлмаса-да, уларни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Ўз касбининг устаси, моҳир рассом-педагог Файзулла ака Тошпўлатов ана шундай устозлардан эди.

Файзулла Тошпўлатов 1958 йил 13 августда Самарқандда ишчи оиласида туғилди. 1983 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини тугатиб, Самарқанд шаҳар педагогика билим юртида тасвирий санъат фанлари ўқитувчиси бўлиб ишлади. Кейинчалик Самарқанд давлат педагогика институтида тасвирий санъат фани ўқитувчиси, Самарқанд миллий ҳунармандчилик коллежида ўқув ва ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари сифатида фаолият олиб борди. 

2004 йилда Самарқанд давлат университети санъатшунослик факультети маънавият ва маърифат ишлари бўйича декан ўринбосари, тасвирий санъат фанлари бўйича катта ўқитувчи лавозимларида ишлаб, 30 йиллик педагогик фаолияти давомида кўплаб шогирдлар етиштирди.

Устоз рангтасвир санъатини мукаммал билар, унинг сиру асрорларини талабаларга батафсил ўргатарди. У ўз ижодида ўзбек халқининг меҳнаткаш ва меҳмондўстлик қиёфасини тасвирлаб, ҳамюртларига бўлган меҳру муҳаббатини рангларда тараннум этди. 

Ф.Тошпўлатов раҳбарлигида кўплаб иқтидорли талабалар танлов ва конкурсларда иштирок этиб, улкан ютуқларни қўлга киритди. У мутахассислик фанларидан сабоқ бериш билан бирга “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттиришда намунали устоз сифатида ўзини намоён қилди.

Шунингдек, Ф.Тошпўлатов Самарқанд шаҳар 4-сон болалар санъат мактабида, Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактабларида ҳам тасвирий санъат фанларидан сабоқ бериб, ёш авлод вакилларига санъат сирларини ўргатди.

У жонкуяр устоз, содиқ дўст ва масъулиятли инсон сифатида кўпчиликка намуна бўлди. Файзулла Тошпўлатов 30 йиллик педагогик фаолияти давомида 40 дан зиёд илмий мақолалар, 1 та монографик очерк, қатор услубий қўлланмага муаллифлик қилди. Қўлланмаларида “Натюрморт”, “Портрет” жанрларида композиция яратишнинг қонуниятларини очиб берди. Бугунги кунда талабалар ушбу маълумотлардан унумли фойдаланмоқда.

Файзулла ака хушчақчақ, атрофдагиларга доимо дўстона муносабатда бўлиб, уларга кўмаклашадиган самимий инсон эди. У нафақат жамоада, балки оилада тўрт нафар фарзандни вояга етказиб, уларни ҳаётда ўз ўринларини топишларида ҳалол меҳнат қилган меҳрибон ота эди. 

Бевақт ўлим устозни 58 ёшида орамиздан олиб кетди. Аммо Файзулла ака қолдирган маънавий-маърифий мерос биз, ҳамкасблари, шогирдлари фаолиятида узоқ давом этади.

И.Избосаров,

СамДУ тaсвирий санъат кафедраси катта ўқитувчиси.