Ўзбекистон Қозоғистон билан бирга коинотга сунъий йўлдош учиради
Қозоғистоннинг Астана шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Ж.Мадиев билан учрашув ўтказди.
Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ЭСКАТО) томонидан Астана шаҳрида ташкил этилган “Рақамли инклюзия ва трансформация бўйича Осиё – Тинч океани вазирлар конференцияси”да иштирок этиш учун хизмат сафарини амалга оширди.
Ушбу тадбир доирасида Шерзод Шерматов Ж.Мадиев билан учрашуви давомида ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратди. Яъни, рақамли кўникмаларни ўқитишни таъминлаш, рақамли инклюзивлик ва рақамли трансформация бўйича минтақавий ҳамкорлик ҳолати ва уни мустаҳкамлаш бўйича масалалар муҳокама этилди.
Шу билан бирга, рақамли инновацияларни жадаллаштириш учун зарур минтақавий ҳамкорлик режаларига эътибор қаратилди.
Икки мамлакат иштирокида космосга ўзаро сунъий йўлдошлар гуруҳини учириш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш масаласини ўрганиш ва таҳлилий маълумотларни жорий йил якунига қадар таҳлил қилиб, таклифларни белгилаб олиш муҳокама этилди.