Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор Лапас Aлибеков вафот этди

Таниқли олим, Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, фаол жамоатчи Лапас Aлибеков 82 ёшида оламдан ўтди.
Л.Aлибеков 1938 йил 10 сентябрда Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилди. 1956-1961 йилларда Самарқанд давлат университетининг география факультетида таҳсил олди. Сўнгра Львов давлат университетида аспирантурада ўқиб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Илк меҳнат фаолиятини 1972 йилда университетнинг умумий табиий география кафедраси мудирлигидан бошлади. Кўп йиллик педагогик фаолияти давомида талабаларга география фани сирларини ўргатиш билан бирга илмий ишлар билан машғул бўлди. Натижада 1990 йилда “Тоғ ва текислик ландшафтларининг ўзаро алоқаси” мавзусида докторлик дессертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Фаолияти давомида профессор Л.A.Aлибеков уч юздан ортиқ илмий мақолалар, ўндан ортиқ монография, дарслик ва ўқув қўлланмалар яратди. “Зарафшон тоғ тизмалари ва унга туташ текисликлар ландшафти ҳамда тупроқ типлари” (“Ландшафты и типы земель Зарафшанских гор и прилегающих равнин”), “Ҳаёт йўллари” (“Полоса жизни”), “Саҳролар саховати” (“Шедрость пустыни”) каби йирик илмий ишлари уни дунё илмий жамоатчилигига танитди.
Л.Алибеков бир неча йиллар давомида НАТОнинг атроф-муҳит муҳофазаси комиссияси аъзоси сифатида фаолият кўрсатди. Унинг чўлланиш, тоғ-текислик геосистемалари ўртасида модда алмашинуви, геоэкология, атроф-муҳит муҳофазаси соҳалари бўйича ўндан ортиқ мақолалари чет давлатларнинг илмий журналларида чоп этилди.
Л.Алибековга унинг илмий-тадқиқот ишларидаги хизматлари инобатга олиниб, “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони берилди. Заҳматкаш устоз умрининг охиригача география ва экология соҳасида етук мутахассислар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
Ажойиб инсон, талабчан устоз, йирик фан арбоби Лапас Aлибековнинг ёрқин хотираси қалбимизда абадий сақланади.
Самарқанд давлат университети.