Ўзбекистонда совуқ қурол сифатида ишлатиш мумкин бўлган ашёларни бемақсад олиб юриш тақиқланади
Совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларга қуйидагилар киради:
➖ касбий, ишлаб чиқариш ёки спорт фаолиятида ёхуд хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган, саноат усулида ёки қўлбола тарзда ясалган – тиғли, кесувчи ашёлар (пичоқлар, бигизлар ва бошқа учи ўткирланган санчиладиган, кесувчи ашёлар);
➖ жисмоний куч ишлатганда шикаст етказиши мумкин бўлган ашёлар (бейсбол биталари, софтбол ўйини учун биталар).
Қонун билан совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, жамоат жойларида олиб юриш тақиқланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-2-моддасига кўра:
➖ совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳолларда, жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриш – БҲМнинг 0,5 – 1 баравари миқдорида (111 500 сўмдан 223 минг сўмгача) жаримага сабаб бўлади;
➖ совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан ов қилишда, касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, жамоат жойларида олиб юриш, шунингдек, ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида олиб юриш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, БҲМнинг 1–5 баравари миқдорида (223 минг сўмдан 1 115 000 сўмгача) жаримага сабаб бўлади.