Ўзбекистондан жаҳон чемпионати сари промо-саёҳат

2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати доирасида Ўзбекистоннинг халқаро имижини мустаҳкамлаш мақсадида “Uzbekistan Road Trip to World Cup 2026” (Ўзбекистон 2026 йилги жаҳон чемпионатига саёҳат) номли халқаро промо-тур лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ушбу промо-тур доирасида ўзбекистонлик таниқли блогерлар томонидан мамлакатимиз ҳудудларининг туристик салоҳияти, бой маданий мероси ҳамда диққатга сазовор масканлари кенг ёритилиб, халқаро аудиторияга мўлжалланган медиа-контентлар тайёрланяпти ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб этилмоқда.

Хусусан, бугун Ўзбекистон терма жамоасининг фан клуб раҳбари Абдураҳмон Фозилов бошчилигида бир гуруҳ ижтимоий тармоқ фаоллари ва блогерлар Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор масканлар, жумладан, Регистон мажмуаси, Булунғур туманидаги Шероз қалъа ёдгорлиги, Самарқанд туманидаги Миронқул, Ургутдаги Чорчинор ва бошқа ҳудудлардан лавҳалар тайёрламоқда.