Паст Дарғомда спортга эътибор нега суст?

Оммавий спорт турларини ривожлантириш, уларни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш бўйича қанча ишлар қилиниб, чора-тадбирлар белгиланмасин, аксарият ҳудудларда бу масалаларга кўзбўямачилик билан ёндашилаётгани кузатилмоқда. 

Жумладан, Паст Дарғом туманидаги 105-мактабнинг футбол ўйингоҳидаги ҳолат эътиборимизни тортди. Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси спорт кийимисиз дарс ўтяпти. Ўқувчи болалар бир-бирига тўп тепиш билан овора, қизлар эса ўйингоҳ атрофида гўёки “сайр” қилишяпти. Соҳада 10 йилдан ортиқ тажрибаси бўлган ўқитувчи Ш.Бобоназаровда, табиийки, ҳолатга изоҳ йўқ. 

Мактаб спорт залидаги ҳолат ҳам ачинарли. Инвентарлар, мебель жиҳозлари маънан эскирган, зал яқин орада тозаланмаган, чиқиндилар олинмаган. Ҳатто деразаларнинг ташқи қисмидаги токчаларда ўт ўсган. Мактаб ҳудудида жойлашган ҳовуз атрофи ўралмаган, хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. 

Тумандаги Қаршиобод маҳалласида жойлашган 84-умумий ўрта таълим мактабининг спорт майдонидаги баскетбол шитлари эскирган, спорт зали шинамгина, аммо кураш гиламлари ачинарли аҳволда. Директор ўринбосари Фахриддин Қўчқоровнинг айтишича, муассасага спорт жиҳозлари берилмаган. Бу борада бир неча бор мурожаат қилинган, лекин натижа бўлмагач, кураш гиламини ўз ҳисобидан олишга мажбур бўлган.

Мавзудан ташқари, яна синф журналисиз дарс ўтиш мумкинми?

Аввалги коллеж биносида фаолият юритаётган 127-мактабнинг спорт зали ҳавас қиладиган даражада эмас. Пол аллақачон таъмирга муҳтож. Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Э.Ортиқовнинг таъкидлашича, “Синган полга кураш гиламини тўшаб волейбол машғулоти олиб борилмоқда. Коллеж ўрнида ташкил этилган мактабни таъмирлаш бўйича икки йилдан буён тегишли идораларга таклиф берилса-да, натижа бўлмаяпти. Ҳар йили дастур асосида янги спорт зал қурилиши, спорт жиҳозлари билан таъминланиши ваъда берилади, холос.

 

Шу орада стадионда 3-синф ўқувчилари учун ўтилаётган жисмоний тарбия фани дарсини кузатдик. Ўқитувчи Б.Пардаевнинг қўлида на журнал, на бир методик қўлланмани кўрдик. У ўғил болаларга коптокни берди-ю, футбол ўйнаб туришни тавсия қилди. Қизларга эса қандай машғулот буюришни билмай, “боши қотди”. Ўқувчиларни йўқлама қилиш мураббийнинг хаёлига ҳам келмади. Аксарият ўқувчиларда спорт формаси йўқ. Тўғри-да, машғулот рисоладагидек бўлмагач, форма кимга керак... 

Б.Пардаев “Журнал хонамда, дарсдан кейин тўлдириб қўяман”, деган жавобидан қониқмагач, мактаб директорининг ўқув ишлар бўйича ўринбосари М.Ҳазратқулов билан журнални ахтариб топдик. Афсуски, ўқитувчининг хонасида турган синф журнали тўлдирилмаган. Дарс мавзусига “енгил атлетика” дея қайд этилган бўлса-да, амалда ўтилаётган машғулот кишини ажаблантиради.

Саломатлик йўлаги қурилса, хотин-қизлар ҳам машғулотларга жалб этилади

- Қани энди қишлоғимизда ҳам спорт майдончаси, йўлаклар бўлса, - дейди туманнинг Усмонобод қишлоғида истиқомат қилувчи отахон Ўктам Маҳмудов. - Умрим ҳайдовчилик билан ўтгани учун ҳозирда юриш қанчалик муҳимлигини ўзимда кўряпман. Спорт майдони бўлмагани сабаб ҳовлимизда спорт билан шуғулланаман. Катта йўлдан қишлоғимизгача саломатлик йўлаги ва спорт майдончаси қурилади дейишяпти. Шу иш амалда битса, биз, фахрийлар хурсанд бўлардик. 

- Маҳалламизда яшовчи 4411 нафар аҳолининг 1200 нафарини ёшлар ташкил этади, – дейди Қаршиобод маҳалласи раиси Ҳусниддин Дўстқораев. – Ҳудудимизда 84- ва 127-мактаблар бор. Ушбу мактаблар ўйингоҳлари аҳоли учун куннинг иккинчи ярмидан очиқ. Кечаси мактаб спорт залида кураш машғулотлари олиб борилади. Битта мини стадион фаолият кўрсатиб турибди, ер ажратилса, бир тадбиркоримиз томонидан яна битта давлат-хусусий шерикчилиги асосида қўшимча мини стадион қурилади. Туман ҳокимлигига Жума шаҳригача бўлган 4 километр масофада саломатлик ҳамда велойўлаклар бунёд этиш бўйича таклиф бердик. Ҳозирда дастур асосида йўл кенгайтирилиб таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Аммо ҳозирча йўлак масаласи очиқ турибди. Келгусида икки жойда варкоут майдончаси қурилиши бўйича ҳам жой излаяпмиз.

Сузиш ҳавзасидан нега фойдаланилмаган?

Туман марказида жойлашган “Олимп” болалар сузиш ҳавзаси фаолият кўрсатмаяпти. Сабаби, яқинда бу масканда туман мусобақаси ўтказилармиш. 

- Совуқ кунларда ҳавза фаолият кўрсатмади, - дейди туман 1-сон болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Жамшид Тиллаев. - Мусобақа олди сувни иситишга ҳаракат қилдик. Аммо газ босимининг пастлиги сабаб бу иш бир неча кунга чўзилди. Ҳозирги иссиқ кунларда сув ҳарорати яхши. Лекин қишки даврда +28 даража ҳарорат бўлиши учун бир километр масофадан алоҳида тармоқ тортиб келиш зарур. Бу борада туман ҳокимлигига таклиф берганмиз. 

Туман бўйича сузишга иштиёқманд 60 нафар ёшлар ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланади. Яна 100 нафардан ортиқ ёшлар асосий бинода спортнинг кураш, таэквондо, дзюдо, самбо, енгил атлетика турлари билан мунтазам шуғулланади. Спортга қизиқувчилар сони ортгани боис, БЎСМнинг қўшимча бинога эҳтиёжи мавжуд. 

Маълумотларга кўра, Паст Дарғомда иккита болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 552 та спорт иншооти бор. Икки километр масофада саломатлик ва велойўлаклар ташкил этилган. Мавжуд 127 мактабнинг 47 тасида спорт зали мавжуд эмас. 16 та умумий ўрта таълим мактаби спорт залини қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш зарур. Туманнинг Олтиқаҳрамон маҳалласида ёпиқ сузиш ҳавзаси қурилиши режалаштирилган. 

Ҳусан Элтоев.