Паст Дарғомда янги қурилган кўп қаватли уй томидан хонадонга сув сизиб тушди
2019 йилда Паст Дарғом туманида фойдаланишга топширилган уйнинг сув насоси ишламай қолди, ташқи фасад қисми деворларидаги кафеллар ўз-ўзидан бирин-кетин кўчиб туша бошлади. Ўрнатилган тарновлар биринчи қор-ёмғирнинг ўзидаёқ кўчиб тушди.
Бу эса дераза ромларини носоз ҳолатга туширди. Биттагина подъезд кириш йўлакларидан бошланган бу ҳолат тез кунда бутун уй атрофини кафелга тўлдириб ташлади. Бундан ташқари, юқори қаватдаги аҳоли ҳам томидан хонадонига сизиб тушаётган сувлардан ташвишга тушди.
Бу ҳақда мазкур уйда яшовчи истеъмолчи Г.Л. 1159 ишонч телефонига мурожаат қилмаганида ким билсин, бу янги уй кейинчалик қай аҳволга келарди?
Мурожаат Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан ўрганиб чиқилди. Натижада Г.Л.нинг уй-жойида ҳақиқатан ҳам эътироз билдирилган камчиликлар борлиги аниқланди.
“Qishloq Qurilish Invest” МЧЖ инжиниринг компанияси Самарқанд филиалининг ходимлари назорати остида пудратчи ташкилот “Бекмурод Барака Замини” ХК томонидан барча камчиликлар тўрт кун ичида бартараф этилди. Биргина истеъмолчининг куюнчаклиги сабабли бутун уйнинг муаммоси ҳал этилди.