Пахта ёғи олиб беришни ваъда қилиб фуқаронинг 9 минг долларини алдаб олган шахс ушланди

Жорий йилнинг 30 апрель куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида ички ишлар ходимлари томонидан фирибгарлик билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Туман ИИО ФМБ тергов бўлимидан тушган ҳужжатларга кўра, Оқдарё 1-берк кўчасида яшовчи М.М. ангренлик Т.С.га “Тошкент ёғ-мой комбинати” АЖдан танишлари орқали 11 600 килограмм пахта ёғи маҳсулотлари олиб беришни ваъда қилиб, ундан 9 000 АҚШ доллари олади. Бироқ у берган ваъдасини бажармасдан пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Фирибгарлик қурбонига айланган Т.С. бўлиб ўтган воқеалар юзасидан ваколатли органга мурожаат қилади. Туман ички ишлар ходимларининг тезкор тадбирлари натижасида М.М. қўлга олинади.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Терговни ИИБ олиб бормоқда.