Пахтачи фарзандлари
Пахтачи туманида туғилиб ўсган жамоат арбоблари, олим ва ижодкор, таълим ва тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва саноат, маданият ва спорт соҳаларида меҳнат қилган фахрийлар ва ёшларнинг ютуқлари ҳақидаги шу номли китоб нашр этилди.
“Пахтачи” газетаси кутубхонаси” туркумида чоп этилган китобдан 90 йиллик тарихга эга туманда камол топган ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаолият кўрсатган, айни пайтда ишлаётган, ўқиётган инсонлар билан суҳбатлар, улар ҳақидаги очерклар, муаллифлик мақолалари ўрин олган.
Эътиборлиси, бу материаллар туман газетасида 2020 йилдан буён “Пахтачи фарзандлари" рукнида эълон қилинган ва газета муштарийларига яхши таниш.
– Бу мақолаларни тўплам ҳолида чоп этишдан муддаомиз – туманимиз аҳли Пахтачининг асл фарзандлари ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлсин, улардан ибрат олсин ва бундай фидойи инсонлар яна ҳам кўпайсин, деган истак эди, – дейди “Пахтачи” газетаси муҳаррири Санжар Қурбонов. – Бу мақсадимизни туман ҳокимлиги, жамоатчилик қўллаб-қувватлади ва 30 нафар фидойи юртдошларимиз ҳақидаги ушбу китоб яратилди. Китобда нафақат инсон тақдирини, балки Пахтачи туманининг маънавий қиёфасини, унинг йиллар давомида шаклланган меҳнатсеварлик, садоқат ва фидойилик руҳини ҳам ҳис қилиш мумкин. Зеро, бу китобнинг бош ғояси Пахтачининг кечаги куни, бугуни ва эртаси эл фарзандлари билан боғлиқ, деган ғояни китобхон онггига сингдиришдир.
Дарвоқе, мазкур тўплам биринчи китоб сифатида номланган. Демак, “Пахтачи фарзандлари” ҳақида кейинги китоблар ҳам яратилади ва ҳаёти, фаолияти ҳикоя қилишга, ибрат қилиб кўрсатишга арзигулик инсонлар жуда кўп Пахтачида.