“Права”ни алмаштирмаса нима бўлади, янгиси қандай олинади?

Вилоят ИИБ ЙҲХБ мутасаддиларининг айтишича, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати ўтиб кетгани жаримага тортиш учун асос бўлмайди.

Фақат белгиланган муддатда алмаштирилмаган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан транспорт воситасини бошқарса ва бу ҳолат ЙПХ ходимлари томонидан ҳужжатларни текшириш давомида аниқланса, маъмурий чора кўрилади.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган муддатдан 12 ой ўтгандан кейин янгиланадиган бўлса, назарий ва амалий имтиҳон топшириш талаб этилади.

Қайд этилишича, шу пайтгача ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун имтиҳонлар ҳудудийлик асосида Оқдарё, Каттақўрғон ва Самарқанд тумани ҳамда Самарқанд шаҳрида ўтказилган.

Энди бу жараён фақат битта жойда – вилоят ЙҲХБда ташкил этилади. Бунда махсус жиҳозланган хонада тест синовлари ўтказилади. Талабгорлар, яъни автомактаб курслари битирувчилари 20 та тест саволларига жавоб беришлари керак. Кўрсатилган саволларнинг 18 тасига тўғри жавоб берган номзод тест синовларидан ўтган ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, бир кунда ўрта ҳисобда 70 киши 54 минг сўм тўловни амалга ошириб, синовларда иштирок этяпти. Уларнинг 80 фоизи биринчи уринишда синовдан ўта олмаётган экан.

Тартибга кўра, тест синовларини қониқарсиз топширганлар бир ҳафта автомактабда қайта ўқиб, 41 минг сўм тўлов қилса такрорий тест топшириши мумкин. Агар натижалар яна муваффақиятсиз амалга ошса, тўлов ва жараён қайта такрорланади.

Тест синовларидан муваффақиятли ўтганлар учун автоҳаваскорлар мактабининг Самарқанд шаҳар Хишрав қўрғонида жойлашган 2,1 гектарлик ўқув полигонида амалий имтиҳонлар ўтказилади. Бунда номзодлар қоида бўйича 9 та машқни бажаради. Агар уларнинг 3 та ёки ундан кўпида хатога йўл қўйса, имтиҳондан ўтмаган ҳисобланади.

Қайд этилишича, тест синовлари ва амалий имтиҳонлар жараёни тўлиқ видеокамералар орқали онлайн кузатиб борилади. Тармоққа исталган киши уланиб, жараённи бевосита назорат қилиши мумкин.