Қарздор эмас, ҳақдор экан – 3 316 000 сўм истеъмолчи фойдасига ҳал этилди

3 316 000 (уч миллион уч юз ўн олти минг) сўм!  Бу сумма ҳар қандай одамни бироз ўйлантириши мумкин. Агар шунча қарзингиз бўлса, тинчингиз қочиши ҳам турган гап. Пастдарғом  туманининг “Балхиён”  маҳалласида яшовчи  Шерали Мирзаев  газ тўловларини ўз вақтида тўлаб боришига қарамасдан, унинг номида шунча миқдордаги қарздорлик пайдо бўлди.

“Онам Каримова София  туман МИБга ариза билан мурожаат қилгандан сўнг, ариза ўрганилиб,  2018 йилнинг 3 февраль куни хонадонимизнинг табиий газдан қарздорлиги йўқлиги ҳақида хат олдик ”, дейди мурожаатида фуқаро.  2019 йилда ҳам Мирзаевлар томонидан газ учун тўловлар мунтазам тўлаб борилган ва барча тўлов квитанциялари сақлаб қўйилган.  Жорий йилнинг  8 февраль куни эса, уй эгалари уйда бўлмаган пайтда туман МИБ ходимлари томонидан хонадоннинг  газдан 3 316 000 сўм қарзи бор деб далолатнома тузилган,  ҳисоблагич тамғаланиб,  газ тармоқдан узиб кетилган.

Мирзаев бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилишини сўраб, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасига ёзма мурожаат қилди. Мурожаат тегишлилиги бўйича,  Пастдарғом туман жамияти мутасаддилари томонидан мутахассис ва аризачи иштирокида ўрганиб чиқилди. Хонадонда ўтказилган қайта хатлов натижасида газ ҳисоблагич кўрсаткичи  ва квитанциялар ўрганилиб, Мирзаев қарздор эмас, аксинча ҳақдор эканлиги маълум бўлди.

3 316 000 сўм истеъмолчи фойдасига  ҳал этилди. 

Гулчеҳра Бердиёрова.