Қирғизистонлик журналистлар ҳайратини яширмади
Хабар берганимиздек, мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Қирғиз Республикаси оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат делегация иштирокида Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари бўйлаб пресс-тур ташкил қилинди.
Қўшни давлатнинг қатор йирик давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари, медиа соҳаси вакиллари кейинги йилларда икки мамлакат раҳбарларининг очиқ ва прагматик сиёсатлари натижасида мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларининг самараси ўлароқ юртимизга ташриф буюрди.
– Ўзбекистонга ташрифимиз самарали ўтмоқда, - дейди “Эксклюзив” таҳририяти муҳаррири Семетей Аманбеков. – Мен дунёнинг кўплаб шаҳарларида бўлганман. Аммо Самарқандга биринчи марта келяпман. Бу ерга келишимиздан олдин Самарқандни дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бири, дея таърифлашган эди. Бугун ўз кўзим билан кўриб, бу таъриф бежиз эмаслигига амин бўлдим. Икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари юксак босқичда ривожланиши оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам акс этаётгани бизни қувонтирмоқда. Дастлаб ўзбекистонлик ОАВ вакиллари бизнинг юртимизга саёҳат қилиб қайтишганди. Энди биз Ўзбекистон билан танишяпмиз. Албатта, ҳар икки томон ҳақидаги медиа материаллар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини, айниқса, туризмни ривожлантиришга ёрдам беради.
Меҳмонлар пресс-тур давомида Регистон ансамбли, Амир Темур жоме масжидида ҳам бўлиб, ушбу тарихий обидаларнинг яратилиш тарихи билан яқиндан танишдилар.
– Самарқанднинг тарихий обидалари бизда катта таассурот қолдирмоқда, – дейди Region телеканали мухбири Нурзада Сидиқова. – Айниқса, бетакрор тарихий обидаларда сайёҳларнинг кўплиги киши ҳайратини оширади. Албатта, бугунги пресс-тур давомида тайёрланган медиа маҳсулотлар юртимизда намойиш этилгач, кўплаб ватандошларимиз Самарқанд саёҳатига отланишига ишонаман. Энг муҳими, бу Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги дўстлик, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.
Пресс-тур давомида қардошларимиз Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси ва Шоҳи Зинда мажмуаларида бўлиб, тарихимиз, маданиятимизга оид муҳим манбалардан баҳраманд бўлишди.