Қонун устуворлиги таъминланса, мансабдор шахс унинг ижросини таъминлашга мажбур бўлади, фуқароларда ўз ҳуқуқи ҳимоясини амалга ошириш имконияти яратилади
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатнинг тузуми, давлат бошқаруви, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилайдиган олий даражадаги қонундир. Конституция инсон ҳуқуқларини олий қадрият сифатида белгилаган қонун ҳисобланади.
Конституция бошқа қонунлардан қуйидаги жиҳатлари билан фарқ қилади:
- у махсус субъект ёки унинг номидан ўрнатилади;
- унинг қоидалари йўналтирувчи, таъсис этувчи, ўрнатувчи, бирламчи аҳамиятга эга;
- у муносабатларни тартибга солишда ҳажми кенглиги билан ажралиб туради;
- қабул қилиниши ва ўзига хос муҳофаза қилиниши билан алоҳида ажралиб туради.
Конституция ва бошқа қонунларда белгиланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини давлат таъминлайди. Бу - давлат инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини барча бошқа қонунлари орқали кафолатини бериб боради. Уни амалда ўзининг тегишли органлари орқали таъминлайди, ҳуқуқ ва эркинликлар бузилганда уни тиклаш чораларини кўради, деганидир. Айниқса, шахснинг дахлсизлиги ва айбсизлик презумпциясининг Асосий қонунда белгиланиши унинг инсонпарварлигини кўрсатади. Бу норманинг ўрнатилиши миллий қонунчилигимизда олдинган ижобий қадам бўлди.
Маълумки, ҳар бир жамиятнинг етакчи кучи ва давлатнинг ягона манбаи - бу инсон. Инсон жамиятнинг ривожланишида, унинг таркиб топишида энг асосий ўринни эгаллайди. Инсон дунёга келишидан то умрининг охиригача меҳнат қилади, яшаш учун интилади. Жамиятга ўзининг борлигини доим сездириб туради. Жамиятнинг ривожланиши кўпинча инсоннинг онги билан боғлиқ ҳолда рўй беради.
Давлат томонидан инсоннинг сиёсий қарашлари амалга ошиши учун сиёсий партияларга кириши, давлат бошқарувида қатнашиши учун ўзи ёки сайлаган вакиллари орқали бошқарувда иштирок этиш, мамлакат ҳудудида эркин кўчиб юриши ва бошқалар ҳам давлатнинг фуқаролар олдидаги мажбуриятини белгилайди. Давлатнинг мажбуриятлар олгани ўз-ўзидан инсонга кафолат берилишидир.
Конституциянинг асосий принциплари, яъни раҳбарий ғоялари ҳам мавжуд. Давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, демократизм, давлат билан фуқаронинг ўзаро масъуллиги, қонунийлик, Конституция ва қонуннинг устунлиги, ҳокимиятлар бўлиниши, Ўзбекистон Республикаси томонидан фаол ташқи сиёсатнинг амалга оширилиши, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш принципи ва бошқа принциплар борки, буларнинг ҳаммаси Конституциямизнинг бош ғоялари ҳисобланади. Қабул қилинадиган ҳар қандай қонунлар ана шу принципларга бўйсунган ҳолда қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нафақат юридик норма, яъни мажбурий характерга эга бўлган қоида ва принциплар, балки ахлоқий жиҳатлари билан ҳам ажралиб туради. Масалан, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги (46-модда); вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эаканлиги (45-модда); оила жамият ва давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва ҳимоя қилиниши (63-модда); давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш. Ўқитишни таъминлаши, болаларга мўлжалланган хайрия фаолиятни рағбатлантириш (64-модда); оналик ва болаликнинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши (65-модда); вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурликлари (66-модда) Конституциянинг чуқур ахлоқий аҳамиятга эга эканлигини белгилайди.
Шарқ халқларига мансуб бўлган кўпгина ахлоқий қарашлар қоида, норма сифатида Конституциямизда белгилангани унинг миллий характерини кўрсатади. Шу жиҳатлари билан Асосий қонунимиз бошқа давлатлар Конституцияларидан қуйидаги жиҳатлари билан ажралиб туради.
Биринчидан, Конституциямиз халқаро аҳамиятга эга, десак хато бўлмайди. Чунки давлатимиз олиб бораётган ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик айни Конституциямизга асосланади. Конституцияда бегиланган қатор нормалар давлатимизнинг халқаро ҳамжамиятда ўз ўрнини топишида дастуриламал ҳужжат исобланади.
Иккинчидан, Конституциямизда инсон ҳуқуқларига оид бир қатор халқаро ҳужжатлар - Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, Ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлар тўғрисидаги Пакт, Сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида Пакт, Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция, Аёллар тенг ҳуқуқлиги тўғрисида халқаро ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларда белгиланган асосий принцип ва қоидалар Конституциямизда ўз аксини топган. Шунинг билан ҳам Конституциямизнинг халқаро аҳамиятга эга эканлигини кўриш мумкин.
Учинчидан, давлатимизнинг ҳар бир фуқароси хорижда бўлиб турган вақтида Конституция ва қонунларимиз ҳимоясида бўлади. Бир сўз билан айтганда, Конституциямизда халқаро ҳуқуқнинг деярли барча қоидалари ва умумэътироф этилган принциплари имплементация (қўлланган) қилинган.
Конституция, қолаверса, республикамиз аъзо бўлган инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда асосий принциплар сифатида мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари меъёрлари кейинги пайтларда қабул қилинаётган инсон ҳуқуқларига дахлдор бўлган соҳавий қонунларда янада тушунарли қилиб соддалаштирилган ва кенгайтирилган ҳолда бериб борилмоқда, давлатнинг бу соҳадаги кафолати кенгайтирилмоқда.
Конституциянинг 3-боби Конституция ва қонуннинг устунлигига бағишланган. Давлатимиз томонидан чиқарилган қонунлар талаблари барча учун бажарилиши шарт. Қонунга кўра, республикамиз фуқароларининг ким бўлиши, миллати, ижтимоий келиб чиқиши, ирқи, динидан қатъи назар қонун олдида тенгдир. Шунингдек, Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.
Қонун устуворлиги деганда, қонунларнинг амалда бажарилиши, унинг ҳар нарсадан устун туриши ва ҳамма учун бажарилиши шарт ва мажбурийлиги тушунилади. Қонун олдида ҳар қандай фуқаро миллати, ижтимоий келиб чиқиши, тили, дини, ирқидан қатъи назар тенг ҳуқуқлидир.
Хулоса қилиб айтганда, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш амалда инсон ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлашга олиб келади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий принцип ва тамойиллари ҳам айнан қонунларга риоя этиш, қонунларни ижро этиш, қонунларни тушунтириш, ҳуқуқбузарликка қарши кураш ва бошқаларга асосланади. Амалда қонун устуворлиги таъминланса, бир томондан, мансабдор шахслар қонунлар ижросини тўлиқ таъминлашга мажбур бўлади. Иккинчи томондан, инсон ўз ҳуқуқлари ҳимоясини амалга ошириш имкониятига эга.
Гулнора ХУДАЙБЕРДИЕВА,
Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.