Қуш парвози баландлигидаги дунё
«Siena Drone Photo Awards 2026» танлови дунёнинг турли бурчакларидан истеъдодли фотосуратчиларни бир жойга жамлади.
Нуфузли “Siena Awards” туркумига кирувчи ушбу халқаро танлов дронлар, вертолётлар, самолётлар, ҳаво шарлари ва бошқа учиш воситалари ёрдамида олинган ажойиб суратларни эътироф этади.
Айниқса, танловда намойиш этилган ракурсларнинг хилма-хиллиги кишини ҳайратга солади: ердан туриб кўзга ташланмайдиган таниш манзиллар мавҳум санъат асарларига айланади, аэросуратлардаги табиат манзаралари ўзига хос нақшларни ҳосил қилади, кундалик ҳаёт лавҳалари эса кутилмаган тарзда очилади. Бундай суратларни олиш учун шунчаки дронни ҳавога кўтаришнинг ўзи етарли эмас, албатта. Бунинг учун мукаммал лаҳза, композиция, сабр-тоқат ҳамда сураткашнинг ижодий нигоҳи ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Она табиат кирдикорлари

Қувайтнинг Муборак ал-Кабир ҳудудига ёпирилаётган чанг бўронини тасвирлаб берган “Она Табиатнинг кирдикорлари” тасвири муаллифи “Шаҳар муҳити” номинациясида биринчи ўринни эгаллади.
Икки давр туташган жой

Жанубий Кореянинг Мулмангол манзилгоҳидаги уйғунлик “Икки давр туташган жой” деб аталди. Композиция “Шаҳар муҳити” номинациясида иккинчи ўринни олишга муваффақ бўлди.
Кўз ўнгингиздаги яшириниш

“Ёввойи табиат” номинациясидаги биринчи ўрин эгаси ўз суратида тошлар орасида моҳирона ниқобланган икки қоплоннинг қоя камарида осойишта дам олаётгани тасвирлаб беради.
Болалар боғчаси қўриқчиси

Туз кўли соҳилидаги шўрхокликларда тўпланган минглаб эндигина тухумдан чиққан жўжалар орасида битта вояга етган фламинго ажралиб туради. Фламинго жўжалари мана шундай ўзига хос “боғча”ларда бирга улғаяди. Бир нечта катта ёшли қушлар полапонлар ҳаётидаги энг заиф даврни эсон-омон ўтказишларига ёрдам бериб, уларни ҳимоя қилади. Табиий “болалар боғчаси”га “Ёввойи табиат” номинациясидаги иккинчи ўрин берилди.
Ҳой, мени ташлаб кетманг...

Бу сурат “Ёввойи табиат” номинацияси ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида эътироф этилди. Океандан сакраб чиққан тожли пингвинлар сув бўйидаёқ патларини тартибга келтириб олишади, сўнг қирғоқ бўйлаб югуриб, қоялар орасидаги ин қуриладиган жойларига йўл олишади. Улардан бири, бошқалардан бироз орқада қолиб кетган пингвин шерикларига етиб олишга ҳаракат қиляпти.
Шилимшиқ парда

“Ёввойи табиат” номинациясидаги ҳакамлар ҳайъати берган юксак баҳо: Мери дарёси ўтлоқлардаги ботқоқли ҳудудлар бўйлаб сирғалиб бораётган тимсоҳнинг бақувват танаси лойли ерларда нафис, деярли илонсимон излар қолдирмоқда.
Муҳташам шаршара

“Табиат” номинациясида иштирок этган сураткашлар Индонезиянинг Ява оролидаги кўп сонли шаршаралардан бири – баландлиги 120 метрга етадиган улуғвор “Тумпак-Севу” шаршарасини айнан шу бурчакдан тасвирга олишга муваффақ бўлишди. Ушбу сурат ўз тоифасидагилар қаторида юксак баҳо берилиб, эътироф этилди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.