Регистон майдони қўлида китоб кўтарган ёшлар билан тўлиб-тошди. Нега?

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб "Китоб ва мутолаа ҳафталиги" ўтказилмоқда. Маърифатпарварлик руҳидаги ушбу ҳафталик доирасида вилоят ахборот-кутубхона марказида китоб тақдимотлари, кўргазмалар, танловлар, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар ҳамда турли мавзудаги викториналар ташкил этиляпти.

Маънавий тарғиботнинг яна бир ёрқин намойиши сифатида кўҳна кентнинг Регистон майдонида аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобга муҳаббат ва мутолаага қизиқишни ошириш мақсадида “Флешмоб” тадбири ўтказилди.

Ушбу тадбирда ўқувчилар, талабалар, ўқитувчилар ҳамда китобсевар уюшмаган ёшлар фаол иштирок этди. Қўлларида севимли китоблари билан майдонга чиққан йигит-қизлар китобга бўлган муҳаббатини ифода этиб, тенгдошларини мутолаага чорлади.

Тадбир давомида китобхонлик маданиятини тарғиб этувчи материаллар ва китоблар тарқатилди, шунингдек, “Мутолаа” платформаси ҳақида маълумот берилди.