Россия Украина чегарасидаги қўшинларининг бир қисмини қайтаргани айтилмоқда
Россия мудофаа вазирлигига тарқатган хабарга кўра, рус қўшинларининг бир қисми Белоруссия билан "Иттифоқ қатъияти-2022" қўшма машғулотларидан сўнг доимий жойлашувига қайтмоқда.
"Жанубий ва Ғарбий ҳарбий округ бўлинмалари ўз вазифаларини бажариб, бугундан ўз ҳарбий гарнизонларига қайтишни бошлаш учун темир йўл ва автомобиль транспортига юклана бошлашди. Алоҳида бўлинмалар ҳарбий колонналар таркибида мустақил юришади", - дейилади хабарда.
Бугун Россия ҳарбий департаменти темир йўл платформаларига техниканинг бир қисмини юклаш ишлари тасвирланган видеоларни намойиш этди. Видеода танклар, пиёда аскарларнинг жанговар машиналари ва ўзиюрар артиллерия мосламалари, шунингдек модернизация қилинган Т-72Б3 колоннаси ҳаракати акс этган кадрлар кўрсатилган.
Шу билан бирга, баъзи ҳарбий бўлинмалар ҳали ҳам Белоруссия ҳудудида қолмоқда. Мазкур ҳолатни ҳали ҳам машғулотларнинг бир қисми давом этаётгани билан изоҳлашган. Маълум қилинишича, машғулотлар 20 февралгача давом этади.
Россия ва Беларус вакиллари маневрлар мудофаа характерига эга ва ҳеч кимга таҳдид солмаслигини бир неча бор таъкидлаган.
Аммо ҳали ҳам қатор давлатлар, жумладан Ғарб матбуоти Россиянинг Украина чегарасидан армиясини олиб кетмоқчи эканига ишонмаяпти. Уларнинг фикрича Путин бари бир Украинага ҳужум қилади. Жумладан, "The Sun" нашри бу ҳужум 16 февралга ўтар кечаси, соат 01⁰⁰да бошланиши ҳақда ёзмоқда.