Самарқанд бўйлаб сайёр учрашувлар давом этмоқда
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев бошчилигида ишчи гуруҳи “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан сайёр учрашувлар ўтказилди.
Ушбу тадбирлар Давлатимиз раҳбари томонидан иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш борасидаги ишларни янада чуқурлаштириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига баҳо беришда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қандай ҳимоя қилинаётганлиги, уларга давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва очиқлиги - энг асосий мезон бўлиши шарт эканлигини илгари суриш мақсадида ўтказилмоқда.
Сайёр учрашувда ишчи гуруҳ “Ургут” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар билан ҳам танишди.
Хусусан, “Urgut Mikro Metal”, “Yec Gilam”, “Ideal Lather Teks”, “Leather Shoes”, “Ur Jeans”, “Real Sport Shoes” каби корхоналарга борилиб, у ердаги ишлаб чиқариш жараёни, чет элдан импорт қилинаётган хом-ашёлар, хорижга чиқарилаётган тайёр экспорт маҳсулотлари кўздан кечирилди. Тадбиркорлик субъектларидан ўнлаб мурожаатлар келиб тушди.
Жумладан, ўтказилган учрашувда мурожаатчилар томонидан кредит ажратиш, электор токи тез-тез узилиб қолиши, импортга олиб келинаётган товарларнинг ТИФ ТН коди ва божхона қиймати ва бошқа бир қатор масалалар кўтарилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш давомида божхона фаолиятига бевосита тааллуқли бўлган айрим муаммолар жойида ҳал этилди.
Масалан, “Ur Jeans” МЧЖ вакили Б.Халимов томонидан импортга олиб келинаётган юкларининг ТИФ ТН коди бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаати вилоят божхона бошқармасининг Божхона экспертизаси ва товарларни таснифлаш гуруҳи томонидан кўмак берилиши белгиланди.
Шунингдек, учрашув давомида тадбиркорлик субъектларига бир қатор норматив ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бўйича ҳам тушунчалар бериб ўтилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июндаги “Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш” тўғрисида ПФ-6011-сон фармонига мувофиқ божхона имтиёзлари бекор қилинганлиги тадбиркорларга етказилди.
Шунинигдек, ишчи гуруҳ Ургут туманида муддати ўтган дебиторлик қарздорликларни бартараф этиш бўйича бир қатор корхона раҳбарларига кўрсатмалар бериб ўтди.
Шу билан бирга, ишчи гуруҳнинг жойларда ўтказилган учрашувлари давомида тадбиркорлик субъектлари ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олди.
Мазкур учрашувлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.