Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд кўчаларида йўл посбонлари пайдо бўлди

Бугун – 5 апрелдан Самарқанд вилоятида давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларига жамоатчилик асосида кўмаклашувчи йўл посбонлари хизмат фаолиятини бошлади.

“Йўл посбони” жамоатчилик тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири буйруғи асосида ташкил этилиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига кўмак сифатида фаолият олиб бориши кўзда тутилган. Ушбу ишга жалб этилган дастлабки 60 нафар йўл посбонлари гувоҳнома, махсус кийим ва зарур анжомлар (ҳуштак ва байроқча) билан таъминланди, деб хабар бермоқда вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот кунидан иш бошлаган йўл посбонлари бугун ҳайдовчилар ҳамда йўловчилар ўртасида ҳаракатланиш қоидаларига амал қилишни тарғиб этиш, йўлларда, жумладан, пиёдалар йўлакларининг ўтиш қисмида хавфсизликни таъминлашга ёрдам бермоқда.

Ўз вазифасини юқори савияда бажарган ва соҳа ишини яхши ўзлаштирган йўл посбонларини келгусида давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати инспекторлигига қабул қилиш кўзда тутилган.

Б.Мустанов.