Самарқанд мезбонлик қилаётган 46-Жаҳон шахмат олимпиадасининг иккинчи тури якунланди

Унда Ўзбекистоннинг эркаклар ва аёллар ўртасидаги олтита жамоаси навбатдаги учрашувларини ўтказди.

Натижаларга кўра, вакилларимиз тўртта жамоавий ғалабага эришди. Икки учрашувда эса рақиблар устун келди.

Эркаклар баҳсида Ўзбекистон-1 Перу билан куч синашиб, 3,5:0,5 ҳисобида зафар қучди. Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров ва Шамсиддин Воҳидов ўз доскаларида тўлиқ очко келтирди. Муҳиддин Мадаминовнинг партияси дуранг билан тугади.

Ўзбекистон-2 эса турдаги энг йирик натижалардан бирини қайд этди. Жаҳонгир Воҳидов, Муҳаммадзоҳид Суёров, Ортиқ Ниғматов ва Ҳумоюн Бегмуродов Жазоир вакилларига қарши ўтказган барча партияларида ғалаба қозонди — 4:0.

Ўзбекистон-3 Германияга қарши баҳс олиб борди. Ушбу учрашувда Муҳаммадали Абдураҳмонов ярим очко келтирди, Саидакбар Сайдалиев, Баҳром Баҳриллаев ва Алмас Раҳматуллаев эса партияларини бой берди. Якуний ҳисоб — 0,5:3,5.

Аёллар ўртасида Ўзбекистон-1 Эквадорга бирорта очко бермади. Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова ва Нилуфархон Имомқўзиева ўз партияларини ғалаба билан якунлади — 4:0.

Ўзбекистон-2 ҳам турнирни муваффақиятли давом эттирди. Иорданияга қарши учрашувда Нилуфар Ёқуббоева, Мадина Ҳалилова ва Асал Салимова ғалаба қозонди. Мумтозбегим Мансурова дуранг қайд этди ва жамоа 3,5:0,5 ҳисобида устун келди.

Ўзбекистон-3 ва Испания ўртасидаги қарама-қаршилик эса 1,5:2,5 ҳисобида якунланди. Мафтуна Бобомуродова Ўзбекистон ҳисобига бир очко ёздирган бўлса, Барчиной Шокиржонова ярим очкога эга чиқди.

Энди жамоаларимизни учинчи тур баҳслари кутмоқда. Эркаклар ўртасида Ўзбекистон-1 Австрия, Ўзбекистон-2 Германия, Ўзбекистон-3 Марокаш билан учрашади. Аёллар баҳсида эса Ўзбекистон-1 Индонезия, Ўзбекистон-2 Испания, Ўзбекистон-3 Саудия Арабистонига қарши дона суради.