Самарқанд ОТМларининг танлов кўрсаткичи: СамДТИда бир ўринга 174, СамДУда 172 нафар номзод

Жорий йилнинг 10 июлидан бошлаб Давлат тест марказининг qabul.dtm.uz сайти орқали абитуриентлардан тушган аризалар сони йўналишлар кесимида онлайн кўриш имконияти яратилди. Сайтда танлаган олий таълим муассасасидаги йўналишлар бўйича қуйидаги маълумотлар акс этган:

- қабул режаси (давлат гранти ва тўлов-контракт асосида);

- абитуриентлар сони;

- танлов кўрсаткичи.

Мазкур маълумотлар ҳар бир таълим шакли бўйича алоҳида кўрсатилади ва маълумотлар ҳар соатда янгиланади. Ушбу маълумотлардан фойдаланган ҳолда Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассаларининг танлов кўрсаткичи энг юқори бўлган таълим йўналишлари рейтингини тузиб чиқдик.

2020 йил 11 июль соат 12:00 ҳолатига кўра, энг юқори танлов кўрсаткичи Самарқанд давлат университети ва Самарқанд тиббиёт институтининг таълим йўналишларига тўғри келмоқда. Йўналишлар бўйича энг юқори танлов кўрсаткичи эса Самарқанд тиббиёт институтининг профессионал таълим: тиббий-педагогик иш таълим кундузги таълим йўналиши бўлиб турибди. Ушбу йўналишдаги 13 та контракт ўрни учун жами: 2264 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган бўлиб, танлов кўрсаткичи бир ўринга 174,2 нафар абитуриент тўғри келмоқда (абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ушбу рақамларни кўриб ҳайрон қолаётган бўлишлари мумкин. 2020-2021 қабул йилидан бошлаб абитуриентларга 5 тагача таълим йўналишини танлаш имконияти берилган. Шунинг учун ҳам qabul.dtm.uz сайтидаги бу рақамлар 5 та таълим йўналиши ҳисобида ушбу таълим йўналишларини танлаган абитуриентлар сонини қўрсатмоқда).

Кейинги ўринни Самарқанд давлат университетида шу йилдан қайта очилган юриспруденция (фаолият турлари бўйича) кундузги таълим йўналиши эгаллади. Жами 30 та ўрин учун (3 та гранд 27 та контракт) 5161 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган ва танлов кўрсаткичи 172.0 ни ташкил қилмоқда. 3-ўринни ҳам худди шу университетнинг тарих факульети кундузги таълим йўналиши эгаллаб турибди. Жами 23 та ўрин учун (3 та грант 20 та контракт) 3672 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган ва танлов кўрсаткичи 159.7 ни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, Самарқанд давлат университетининг биология (кундузги), психология: амалий психология (сиртқи), иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар бўйича) (сиртқи), бошланғич таълим (кундузги), технологик таълим (сиртқи) таълим йўналишларида ва Самарқанд тиббиёт институтининг стоматология (йўналишлар бўйича) (кундузги), даволаш иши (кундузги) таълим йўналишларида ҳам танлов кўрсаткичи юқори бўлиб турибди.

Абитуриентлар abitur.dtm.uz сайтидаги ўзининг шахсий кабинети орқали танлаган таълим йўналишларини таҳрирлаш имкониятига эга. Бу эса танлов кўрсаткичларидаги рақамлар ўзгариши мумкинлиги (кўпайиши ёки камайиши мумкин) билдиради.

Шунингдек, Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва Самарқанд давлат чет тиллар институтида мақсадли қабул мавжуд бўлиб, qabul.dtm.uz сайти орқали улардаги танлов кўрсаткичларини ҳам кўриб бориш имконияти мавжуд. Ҳозирча бу борада энг юқори танлов Самарқанд тиббиёт институтининг даволаш иши кундузги таълим йўналиши бўлиб турибди. Ушбу таълим йўналиши учун ажратилган 1 та давлат гранти учун 284 нафар пастдарғомлик абитуриентлар даъвогарлик қилмоқда.

(Маълумот : 11.07.2020 йилсоат 12:00 ҳолатигакўра)

Шаҳзод АҲМЕДОВ,

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ўқитувчиси.