Самарқанд шаҳрига пресс-тур: Кичик саноат зоналарининг фаолияти ўрганилди

Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил 16 мартда қабул қилинган “Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятда 17 та кичик саноат зоналари ташкил қилинган эди.

Жумладан, Кимёгарлар шаҳарчасидаги “Saturn metall qayta ishlash” МЧЖ корхонаси рангли ва рангсиз металларни қайта ишлаш, ошхона жиҳозлари, музлаткич ва совуткичларини, сантехника маҳсулотлари ҳамда духовкаларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган пресс-турда журналист ва блогерлар дастлаб шу корхона фаолияти билан танишди.

- 2019 йилда маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаганмиз, - дейди корхона раҳбари Заррух Муҳаммадиев. - Корхонамизда 60 нафарга яқин ишчи-ходим фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ўртача ойлик маоши 2 миллион сўм, ҳафтада 6 кун иш. Ҳозирда корхонада 250 турдан ортиқ сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилиб, асбоб-ускуналар Хитой, Туркия ва Италиядан келтирилмоқда. Жорий йилнинг олти ойида 16 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқардик. Келажакда маҳсулотларни хорижга экспорт қилишни режалаштиряпмиз.

Бундан ташқари, Самрқанд шаҳар Фарҳод шаҳарчасидаги “Темир-бетон базаси”нинг 1,5 гектар ер майдонида ҳам кичик саноат зонаси ташкил этилган. Ушбу кичик саноат зонасида қиймати 4,7 миллион долларга тенг бўлган, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган 3 та йирик лойиҳа жойлаштирилган. Шулардан бири “Шохруҳ Бетоно-эксперт” хусусий корхонаси ҳисобланади.

- Корхонамизни 250 миллион сўм кредит ва ўз маблағимиз эвазига ташкил қилгандик, - дейди ушбу корхона директори ўринбосари Рустам Ўткиров. – Дастлаб Хитой ва Германиядан ускуналар олиб келиб, эшик ва ромлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Маҳсулотларимизни вилоятларга ва Россияга сотяпмиз. Ҳозирда корхонада 25 киши фаолият юритмоқда. Келажакда иш ўринларини кўпайтириб, эшик-ромларни кўплаб хорижий мамлакатларга экспорт қилишни режалаштиряпмиз.

Шунингдек, шаҳарчада Англия билан ҳамкорликда ташкил қилинган “Samarkand England Eco-Medical” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси ҳам фаолият кўрсатмоқда.

- Корхона 2012 йилда ташкил қилинган, - дейди корхона бош директори Мунис Саиджонов. – Корхонамиз дори воситаларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, иш уч навбатда ташкил қилинган ва 300 нафар ишчи-ходим фаолият олиб бормоқда. Ходимларнинг ўртача маоши 2 миллион сўм ва бепул овқатланишлари учун шароит яратилган. Маҳсулотимизни дори воситаларини қадоқлаш цехларига ва хорижга сотяпмиз. Айниқса, дориларнинг аксарияти Афғонистон, Қирғизистон ва Грузия давлатларига экспорт қилинади.

Пресс-тур давомида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда  Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Эркин Ражабов иштирок этиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборот берди ва журналистлар саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

Фазлиддин Рўзибоев.