Самарқанд вилояти имом-хатиби индонезияликларни Самарқандга таклиф қилди

Индонезия давлатидаги сайёҳлик компаниялари вакиллари билан ZOOM платформаси орқали ўтказилган онлайн конференцияда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов иштирок этиб, юртимиз туризм салоҳияти ҳақида маълумот берди.
– Диёримизда жойлашган муқаддас қадамжолар, авлиёлар ва уламоларнинг мақбаралари, қадимий масжид ва мадрасалар, муқаддас қўлёзмалар дунё мусулмонларини эътиборсиз қолдирмайди, – деди З.Эшонқулов. – Хусусан, Имом Бухорий, Имом Мотуридий мажмуаларини зиёрат қилишни диндошларимиз юксак шараф, деб билишади. Жумладан, индонезиялик мўмин-мусулмонлар ҳам ушбу мақсад билан юртимизга кўп келишади. Улар учун муносиб шарт-шароит яратиш давлатимизнинг доимий эътиборида. Хусусан, кейинги йилларда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда, бу борада халқаро стандартлар жорий этилмоқда. Биргина, Имом Бухорий мажмуаси атрофида ҳалол стандартларига мувофиқ бир қатор янги меҳмонхона, ресторан ва бошқа хизмат кўрсатиш мажмуалари ташкил этилмоқда. Мажмуани кенгайтириш ва катта масжид қуриш ҳаракатлари ҳам бошланган.
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Индонезиядаги сайёҳлик компанияларига ушбу давлат фуқароларини Ўзбекистонга кўпроқ олиб келиш, махсус рейслар уюштиришни таклиф қилди.