Самарқандда футбол ва мини-футбол бўйича ДХХ кубоги мусобақалари бошланди

Иштихон туманидаги марказий ўйингоҳда "Давлат хавфсизлик хизмати кубоги" баҳсларига старт берилди.

Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Тўхтаев, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари К.Байзаков иштирок этиб, мамлакатимизда спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан анъанавий ДХХ кубоги турнири ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, футболни оммалаштириш, иқтидорли ёшларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади ва ўйинни бошлаб беришди.

Шундан сўнг, кубок доирасидаги баҳсларга қуръа ташланди ва расмий учрашувни Иштихон туманининг Бўстон ва Хонақа маҳаллалари жамоалари ўтказадиган бўлди.
Мусобақада 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил болалар футбол ва мини-футбол, қизлар эса мини-футбол бўйича иштирок этмоқда.
Кубокнинг туман/шаҳар саралаш мусобақалари апрель-май, вилоятлар бўйича саралаш баҳслари июнь-июль ва республика финал мусобақалари август ойида бўлиб ўтади.