Самарқандда “С5+1” форматдаги Марказий Осиё учун минтақавий конференция ўз ишини бошлади
Аввал хабар берганимиздек, Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида "Ядровий контрабандага қарши курашиш" мавзусида "С5+1" форматдаги Марказий Осиё учун тўрт кунлик минтақавий конференция ўз ишини бошлади.
Анжуманда Ўзбекистон, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларидан радиация хавфсизлигига алоқадор ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
“С5+1” – Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги мунтазам кўп томонлама мулоқот формати ҳисобланади.
Мазкур формат 2015 йил ноябрь ойида Самарқандда минтақа давлатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг биринчи учрашуви асосида ишга туширилган.
“С5+1” форматидаги биринчи учрашув якунлари бўйича шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация қабул қилинди.
Ҳужжатда АҚШнинг Марказий Осиё давлатларининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш мажбурияти, шунингдек, иштирокчи давлатларнинг мунтазам дипломатик муносабатларни давом эттиришга тайёрлиги қайд этилган.
“С5+1”нинг мақсади долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун доимий дипломатик мулоқотни давом эттириш, шунингдек, минтақавий савдони яхшилаш, транспорт ва энергетика алоқаларини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, экологик муаммоларга қарши курашиш, экстремизмга қарши курашиш ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришдан иборат.
“С5+1” доирасида 15 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Булар:
- “Хорижий террорчи жангчиларга ва Марказий Осиёдаги радикаллашув жараёнларига қарши кураш” (1,2 миллион АҚШ доллари);
- “Тадбиркорликни ривожлантириш” (4 миллион АҚШ доллари);
- “Транспорт ва савдо коридорларини такомиллаштириш” (4 миллион АҚШ доллари);
- “Келажак энергияси” (3,8 миллион АҚШ доллари);
- “Иқлим ўзгаришига мослашиш миллий режаларини қўллаб-қувватлаш” (2 миллион АҚШ доллари).
Мазкур лойиҳалар семинарлар, конференциялар ва тренинглар шаклида ўтказиб келинмоқда.
“С5+1” платформаси орқали амалга оширилаётган ушбу ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва ўсишини таъминлаш мақсадида савдо-сотиқни ошириш, комплекс ривожланишни рағбатлантиришга қаратилади.
Жорий йил 22 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатларининг “C5+1” форматидаги Вазирлар йиғилиши бўлиб ўтган эди.